23 March 2010
16:20 - Бишкекда Тинч-тотувлик Қурултойи ўтмоқда, мухолифат уни инкор этди
Қирғизистоннинг пойтахтида Лола инқилобининг эртага нишоналадиган 5 йиллиги муносабати билан Тинч-тотувлик Қурултойи ўтказилмоқда. Нималигини тушуниш қийин бўлган бу тадбирда 750 киши қатнашмоқда. Уларнинг 545 нафари Қирғизистоннинг турли ҳудуларининг, 35 киши – чет эллардаги меҳнат муҳожирларининг, 20 киши турли диний конфессияларнинг вакиллари. Яна 150 киши президентнинг квотаси билан келишибди, улар – маданият, санъат, фан арбоблари, бизнесменлар ва бошқалар. Президент ўз квотасига мухолифат вакилларини ҳам киритган экан, аммо мухолифат буни рад этибди.

Қурултойда мамлакат президенти Қурбонбек Бақиев нутқ сўзлади. У беш йил ўтган вақтнинг ярмиси ички низолар ва тортишувларга сарфлангани, мамлакат мухолифатсиз бўлолмаслигини, аммо қирғиз мухолифати фақат танқид билан овора бўлиб қолганини гапирди. Унинг фикрича, Қурултойнинг мақсади – турли гуруҳларнинг мулоқотини уюштириш. Бақиев 5 йилда қилинган ишлар билан мақтанди, халқни яна-да буюк ишлар қилишга чақирди.

У ҳукумат мулозимларини тўй ва мотам маросимларида қурбонлик қилишни тўхтатишга, ҳаммани турли маросимларда ҳеч кераги бўлмаган кийим-кечак совға қилиш одатини ташлашга чақиргани ҳам қизиқ.

Нималиги номаълум бўлган Қурултой нима билан битиши ҳам номаълум. Ҳарҳолда, Бақиевнинг сиёсатини қўллаб-қувватловчи резолюция қабул қилиш билан бўлса керак.