21 March 2010
05:00 - Наврўз муборак!
Оллоҳ яратган табиатнинг ноодий куни бугун .Тун билан куннинг узунлиги тенглашган кун. Асрлар ааввал шу оддий куннинг ноодийлигини тушунган одамлар уни байрам қилишга бошладилар.

Ислом уламолари бу байрамни одамлар онгидан чиқаришга роса интилдилар, бўлмади. Коммунистлар уни унуттириш учун роса уриндилар, бўлмади. Коммунист режимнинг ўлими арафасида, шоир Абдулла Орифнинг ёрдамида охирги марта Наврўзни йўқ қилишга, унинг ўрнига Навбаҳор байрамини киритишга ҳаракат қилдилар, бўлмади.

Бўлмади. Бўлмайди. Чунки, бу табиатанинг ноодий куни. Ҳа, бундай кунлар яна бор. Масалан, 21 сентябрда ҳам айнан шундай бўлади. Аммо, ҳозир кунлар исиб, табиат уйғонмоқда, ҳаёт қайтадан бошланаётгандек кўринади. Шу сабабли, баъзи Осиё халқларининг календарида бу кун янги йилнинг биринчи куни деб белгиланишида, одамлар бу кунни байрам сифатда нишонлашида маъно бор.

Инсониятнинг ривожланиш даражаси шунга келдики, инсон фаолияти учун кун билан туннинг, қиш билан ёзнинг фарқи йўқ, аниқроғи, йўқолиб бормоқда. Аммо, инсон инсон экан, аждодларнинг бағрини илитган, уларнинг оғир шартлар остидаги ҳаёт-мамот жанги учун муҳим бўлган саналар келажак авлодлар учун ҳам муқаддас бўлиб қолаверади.

Бу муқаддасликдан сиёсатчилар ўз манфаатлари нуқтаи назаридан фойдаланишга интилишлари ҳам борлиғимизнинг бир парчаси. Бу фожеа қиладиган нарса эмас. Аммо, Ислом Карим режими шуни ҳам эплай олмаётганидан ҳайрон қолиш керак.

Мана бу йил ҳам режим яна талваса ичида. Байрам тантаналари қилиш-қилмасликни ҳам билмайди, қачон қилишни ҳам. Бу аслида режимниннг наврўз талвасаси эмас, ўз ички талвасасининг ташқи кўриниши.

Бундай режимлар келиб-кетаверади, аммо қадриятларимиз абадий қолади. Бу кунги байрамни ҳам шу кайфият билан нишонлаш керак.

Қишдаги уйқудун табиат уйғонмоқда, инсонлар уйғонмоқда. Баҳор, Наврўз келмоқда, байрам бўлмоқда.

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз дўстлар!