17 March 2010
15:45 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Менинг эркимга Сталин замонига хос терговчилар таҳдид солмоқда!”
Мен, 1995 йилдан буён Сурхондарё вилояти Агрокимё станциясида директор лавозимида ишлаб келаман, оилаликман, муқаддам судланмаганман, 2-чи босқич қандли диабет касаллиги билан касалланганман.

Вилоят Агрокимё станцияси 2005 йил 1 чоракда мавсумий ишлар бўлмаганлиги, шундай бўлсада ишчиларга ойлик иш ҳақи ёзилганлиги туфайли банкротлик ҳолатига келиб қолганлигимиз учун 2005 йил 16 май куни 14-чиқим рақамли хати билан Сурхондарё вилояти банкротлик бошқармасига маълум қилдим.

Шундан сўнг жамоа билан маслаҳатлашиб, 2005 йил 30 август куни Сурхондарё вилояти Агрокимё станцияси раҳбарияти, яъни, мен, касаба уюшмаси ва жамоа кенгаши аъзоларининг қўшма кенгаши бўлиб ўтди. Унда ўзимизнинг 2-сонли қароримиз билан эскирган, фойдаланишда бўлмаган, иқтисодий фойдасиз бўлган хўжалик ҳисобидаги станция мулкларини сотиб, тушган маблағни (менинг шахсий манфаатларим учун эмас) станция кредиторлик қарзларини узиш ҳамда ишчиларнинг ойлик маошларини тўлашга ишлатишга келишдик. Мулкларни нархлаш учун 5 кишидан иборат комиссия ташкил этиб, унинг раиси қилиб Шомурод Астанақулов, аъзолари Б.Ишпўлатов, С.Жўраев, Д.Исмоилов ва Қулмурод Жумаевлар тайинланди.

Бундан кимдир орқали хабардор бўлган бойвачча “Шерали полвон Қобил ўғли” хусусий фирмаси раҳбари К.Убаев 2005 йил 2 май куни 6-чиқим хати билан ўзининг хусусий фирмасининг тадбиркорлигини ривожлантириш учун эски ва қурилиши тўхтаб қолган иморатларни ер майдонлари билан сотишини сўраб мурожаат қилди. Убаев Термиз тумани ҳокими Файзиевга ҳам Агрокимё станцияси иморатларидан ташқари ташландиқ ер майдонини эгаллашга қарор чиқаришини сўраб ариза берган.

Мен, сотилиши лозим бўлган мулкларнинг нархи аниқлангандан сўнг 2005 йил 31 май куни 16-чиқим рақами билан УБМ Сурхондарё вилояти филиали бошлиғи А.Атамуродовга хат ёзиб, ер ва иншоотларни биржа орқали сотишга амалий ёрдам беришни сўрадим ва биржа орқали сотилди...

2009 йил тергов органлари билмадим кимнинг аризасига ёки маълумотига асосан, вилоят Агрокимё станциясининг иншоотлари К. Убаевга арзон нархда, яъни 2 миллион сўмга нотўғри сотилган, деган тахмин билан иншоотлар қийматини арзон қилиб кўрсатган комиссия аъзолари Джураев Сирожиддин, Ишпулатов Бахриддин ва Джумаев Қулмуратларга нисбатан Ўз.Р.ЖКнинг 167 м.3 к. 209 моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур иншоотлар қайта нархлаганда 11 миллион 343 минг 366 сўм қўшимча тўланиши аниқланди. Аммо К.Убаев ушбу сўммани июнь, июль ойларида 4 бўлиб тўлаганлиги тўғрисида жиноят ишида 4 патта мавжуд.

ЖИБ Қизириқ туман судининг 2009 йил 17 июлдаги ҳукми билан Джураев, Ишпулатов ва Джумаевларга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланиб, бир қисми аминстия актига кўра қисқартирилган. Мазкур ҳукмда 11 миллион 343 минг 366 сўм тўлиқ қопланганлиги эътироф этилган патталардан кўринишича, 11 миллион 343 минг 366 сўмни Убаев тўлаган. Қолаверса пулни қабул қилиб олган банкда унинг имзоси мавжуд бўлиши керак. Агар мен Убаевдан ошиқча пуллар олганимда у албатта пулларни мендан ундиришни сўраган бўлар эди ва у шунча пулга куйиб индамай ўтирмасди. Ҳақиқатдан ҳам мен Убаевдан ошиқча пул олганимда мени Джураев, Ишпулатов ва Джумаевлар билан суд қилган бўлар эди.

Агар Термиз туман ИИБ терговчиси Ш.Муротов, Джураев, Ишпулатов ва Джумаевларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини Қизириқ туман судидан талаб қилиб ўрганганда эди, менга нисбатан Убаевнинг туҳматларига ва яқин қариндошларининг кўргазмасига асосан менга нисбатан жиноят иши қўзғатмаган бўлар эди. Ҳозир зўрма-зўраки менинг айбим бўлмасада жиноят ишини тугатиб, судга амнистия қўллаш учун юбориш ҳаракатларини қилмаган бўлар эди. Нега энди мен шунча йил давлатим, элим учун ҳалол меҳнат қилиб, бировларга ўхшаб ҳаром пуллар эвазига данғиллама уйлар, ошхоналар қуриб қимматбаҳо “Нексия” автомашиналарини минмаган бўлсам-да, мени ҳар қандай туҳмат билан қариган чоғимда судланган, яъни, “айби бор” деган номни олишим керак?

Жабрланувчи деб аталмиш Убаев Қобил ўзининг аризасида, барча тушунтириш хатлари, сўроқ баённомаларида ва юзлаштириш баённомасида ҳақиқий ҳолатни яшириб, фақат пул ундиришни мақсад қилиб, бир-бирига тўғри келмайдиган кўргазмалар берган. Бундан ташқари Убаевнинг опаси Инобат Сариосиё туманидаги уйимни 10 млн.га сотиб укам Қобилга қарз бердим деб кўргазма берган. Данғиллама ҳовлини 10 млн.га сотиб ҳароба ҳолидаги қозонхона ва битмаган усти очиқ гараж, ташландиқ ер учун 26 млн. 500 минг сўм беришига ким ишонади? (Албатта, Х.Шойимов ва Ш.Муротовдан ташқари).

Менинг бирорта далил исботим текширилмасдан фақат бойвачча Убаевнинг туҳматлари инобатга олинмоқда. Наҳотки, давлатимиз ишониб ваколат берган Ички Ишлар тергов органлари инсон тақдирига шунчалик бефарқ бўлсалар?

Сизларга қуйидаги далилларни баён қилмоқчиман: илк бора 2005 йил Агрокимё станциясига қарашли қозонхона ва қурилиши тугалланмаган гараж Х.Убаевага 1 млн. 150 минг сўмга биржа орқали сотилган ва 2006 йил қурилиши тугалланмаган бино 2 млн. сўмга “Шерали полвон Қобил ўғли” хусусий фирмасига Қ.Убаев номига биржа орқали сотилган. Х.Убаева тадбиркорликни ривожлантириш учун олган но турар жойни 2007 йил Термиз туман кадастрига 14 млн.га нархлатган. Аслида-ку фирибгарнинг ишини Қ.Убаев қилиб ўтирибди. Тадбиркорликни кенгайтираман деб олинган нотурар жойни қандайдир йўллар билан 2008 йилда яна орадан бир йил ўтиб турар жойга айлантириб, Термиз туман кадастрига 6 млн.га баҳолатиб иморат қилиб олган. Томарқа учун кам солиқ тўланади-да. Х.Убаева шу пайтгача бу жойда бир кун ҳам яшагани йўқ сабаби унинг бошқа уйи бор.

2009 йил май ойида Сурхондарё вилояти прокуротураси кўриб чиқиб ишни Термиз туман прокуротурасига ўтказди ва қайта кўриб чиқиб арзон нархланганлиги учун жиноий иш қўзғатилди. Термиз туман прокуротураси терговчиси А.Раҳмонов Қ.Убаев ва Х.Убаевани чақириб 11 млн. орадаги фарқни тўлайсизми ёки ерни қайтарасизми деб сўрайди. Улар эса фарқни тўлаймиз деб айтади. Нега ўша вақтда Қ.Убаев бу мулк учун 26 млн.ни Хайдаровга тўладим деб айтолмади?

Қ. Убаев бир кўрсатмасида 2005 йил 26 млн. бердим деган, иккинчи кўрсатмасида 2006 йилда 7 млн. 10 млн. ва яна 7 млн. бердим деб кўрсатма берган. Қ.Убаев ўз кўрсатмаларининг бирида Юлдош ака менга ўша мулкни ол деб илтимос қилди деб ёзган. Аслида Қ.Убаев Термиз туман ҳокими А.Файзиев ва менинг номимга ариза билан мурожаат қилган (сизга ушбу аризадан илова қилинади).

Ариза билан Қ.Убаев мурожаат қилган лекин мулк синглиси Х.Убаева номига олинган. Сотиб олинган жойда жойлашган корхона мулкларига корхона рухсатисиз тегинмаслик ёки мулкни корхона билан келишилган ҳолда бир четга ўзтказиб беришни, агар мулкларни таъмирлаш керак бўлса транспорт воситаларини киришига тўсқинлик қилмасдан шароит яратиб бериши учун Сурхондарё вилояти Агрокимё станцияси директори Ю.Хайдаров ва Х.Убаева ўртасида 2008 йил 10 август куни шартнома тузилган. 2009 йил ноябр ойларида Қ.Убаев хонамга келиб яқинда пенсияга чиқасиз, шу шартномани йиртиб ташланг ёки менга кириб чиққанлариг учун, ўша мулклар тургани учун, пул тўлайсиз деб зарда қилди. (Шартнома нусхаси илова қилинади).

Сизлардан илтимос, Х.Убаева сотиб олган мулкларни ва шу жойда қолиб кетган трансформатор, қудуқ ва сув минорасига борадиган йўллар ёпилганлигини кўрсаларингиз, Қ. Убаев нимага туҳмат қилаётганини тушунасизлар. Терговчи Ш.Муротов терговни бир томонлама олиб бормоқда. Кўриниб турган далил исботларга эътибор бермасдан фақат мени айбдор қилишга уринмоқда.

2010 йил 19 январ куни соат 1600 лар чамаси терговчининг оғзаки чақирувига кўра ИИБга бордим. Терговчи сизнинг устингиздан жиноий иш қўзғатдик сизга адвокат қилиб Қизлархон опани чақирдик деб, менга нотаниш бўлган бир аёлни кўрсатди. Мен танимаган кишини адвокат қилиб олмайман деб айтдим. Шунда хонага терговчилар бошлиғи Х.Шайимов кириб келди. Бу гапни эшитган Шайимов терговчи Муротовга адвокатдан бош тортди деб обориб қамаб, дори ҳам сув ҳам берма, деб буйруқ берди. Қачон пулни тўлайди, ўша вақтда чиқарасан, деб айтди. Қамоққа олиш учун санкцияни фақат судя беришга ҳақли. Шунда ҳам жиноятчининг айби тўлиқ исботлангандагина. Наҳотки бош терговчи Х.Шайимов Олий мажлисимиз қабул қилган қонундан бехабар бўлса.

2010 йил 27 январь куни кечқурун терговчи Муротов телефон қилиб адвокат билан тез етиб келинг, “юқори”га ариза ёзилган шуни кўриб чиқамиз деб чақирди. Адвокат Тошев Иззат билан бордик. Қ.Убаев адвокати билан терговчининг хонасида ўтирган экан. Терговчи Муротов юзлаштириш ўтказмоқчимиз деди. Шундан кейин савол-жавоблар бўлди. Қ.Убаев дастлабки аризасида 2005 йил декабр ойида Юлдош ака қизил “ТИКО”да келди, 26 млн.ни халтага жойлаб машинасининг орқасига юклаб бердим деган эди. Юзлаштиришда 2006 йилда 7 млн.сўм, 2006 йил яна 10 млн. сўм, 2006 йил яна 7 млн. сўм бердим деб кўргазма берди.

Юзлаштиришда Қ.Убаевнинг ёзган аризаси билан берган кўргазмаси бир-бирига қарама-қарши эди. Юзлаштириш тугагандан кейин терговчи Муротов адвокат билан мени олиб қолди. Соат 2300дан ўтган эди. Овқат ҳам емагандим, дори ҳам ичмагандим. Қанд миқдори кўтарила бошлади мазам қоча бошлади.

Терговчи Муротов бир неча варақ қоғозни компютердан чиқариб олдимга ташлади ва сизни қамоққа оламиз деди. Адвокат Тошев нега ундай деяпсиз кўргазмаларнинг ҳаммаси тухматлиги кўриниб турибди-ку, деди. Терговчи Муротов: “Мени тушунинглар иложим йўқ, тепадан талаб қилишаяпти, қамоққа олмасам каллам кетади”, деди.

2010 йил 28 январ куни тез ёрдам машинаси Вилоят Эндокринология Марказига олиб кетишди. Қондаги қанд миқдори ва қон босимим ошиб кетиб юрагим санчиётган эди. Бир пайт Муротов тез келинг деб телефон қилди. Мен касалхонага тушдим деб айтдим. Шунга қарамасдан мазкур ишни олиб бораётган терговчи Ш.Муротов ва ўзини таништирмаган жиноят қидирув бўлими ходими палатага кириб, сабабсиз қамоққа олиндингиз, юринг биз билан деб, қўл оёғимдан тортиб, олиб чиқиб кетишди. Ваҳоланки, менинг аҳволим нақадар оғирлигига ушбу касалхона врачи Турсунтош Маманиёзова ҳам яхши билар эди.

Мен терговчи ва жиноят қидирув бўлими ходимларининг ўзимни қай ҳолатда хўрлаб олиб чиқиб кетаётганининг видео тасмасини ва терговчининг менга нисбатан муносабати ёзилган аудио тасмасини сизларга йўлламоқдаман. Кўринг, Бош терговчи Х.Шойимов ва терговчи Ш.Муротов менинг соғлигимни қай аҳволга солганлигини!

Ушбу ишни олиб бораётган терговчи Ш.Муротов ҳақиқатни амалга оширмаётган ишларни чуқур текшириб, ҳақиқатни юзага чиқаришларингизни, дардимни катталарга етказишларингизни илтимос қиламан.

Ҳозирги пайтда мен 64 ёшда бўлиб II-босқич қандли деабед оғир формаси касаллиги билан бемор бўлиб, доимий “Д” ҳисобида тураман. Шифохонада ётганимда мени ИИБ ходимлари ётган жойимдан судраб турғизиб қамоққа олишди ва санкцияга прокурор номига илтимоснома ёзишди. Яхшиямки Ўзбекистон Республикасининг қонунларини тўғри ижро этиб, касбига фидоий инсонлар бор экан. Термиз шаҳар прокурори А.Болтаев жиноий иш билан танишиб, терговчининг хатоларини тўғри англаган ҳолда мени қамоққа олиш ҳақидаги илтимосномага имзо чекмаяптилар.

Агар илтимосномага имзо чекиб суд қамоққа олишга санкция берганда ҳозир менинг ҳолим нима кечаётган бўларди, билмадим...

Йўлдош Ҳайдаров
Термиз тумани