17 March 2010
14:24 - Швециянинг махсус хизматлари ислом экстремистларни аниқлашга киришса, ҳамма ўзбеклар назорат остида қолиши мумкин
Швециянинг Интеграция ишлари министри Нуамко Сабуни (Nyamko Sabuni) давлатнинг махсус хизматларига зўравонлик ишлатишга қодир бўлган ислом экстремистларини аниқлаш ва 2010 йил 15 декабргача бу масала бўйича маълумот тайёрлаш топшириғи берилганлиги ҳақида “Ҳаракат” агентлиги ҳам хабар берган эди.

Швециянинг SVD газетаси кеча бу масалага бошқа томондан ёндошиб, зўравонликка мойил бўлган ислом экстремистларини аниқлаш иши бир қатор муаммолар чиқариши мумкинлигини ёзади. Авваламбор, газетанинг фикрича, Швеция хавфсизлик полициясининг қонун томонидан белгиланган марказий вазифаси жамиятни куч билан ўзгартишга муқобил бўлган шахслар ва ташкилотларни назорат қилишдир, демак, унга қўшимча топшириқ беришнинг маъноси йўқ.

Бундан ташқари, Интеграция ишлари министрининг топшириғида хавфсизлик полицияси куч ишлатишга мойил бўлган исломий муҳитларда радикллашиш жараёнларини аниқлаб бериши кераклиги белгиланган. Айнан “исломий муҳитлар” ибораси, газетага кўра, безовталик ўйғотмоқда. Чунки, аслида, Швециядаги ҳамма мусулмонларнинг зўравонликка алоқаси йўқ. Шундай экан, баъзи бир кичик гуруҳларни деб, исломий муҳитда яшаётган ҳамма мусулмонлар текширув остида қолади.

Айнан шу сабабдан, ҳозирданоқ радикал экстремистларга алоқаси бўлмаган оддий мусулмонлар масжидга боришдан қўрқиб қолишмоқда, ўзлари билмаган холда экстремист исломчилар рўйхатга кириб қолиш хавфи борлигини ўйлашмоқда.

Ўз-ўзидан маълумки, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири, Швеция хавфсизлик полицияси исломий нашрлар, жумладан, интернетдаги исломий сайтларда чоп этилаётган материалларни ўрганиш орқали ҳам зўравонлик ишлатишга қодир бўлган ислом экстремистларини аниқлашга ҳаракат қилади. Бу каби сайтларнинг ўқувчилари ҳам назорат остига тушишади.

Булардан ўзбекистонлик муҳожирлар хам ўзига яраша хулоса чиқариши керак. Улар орасидан чиқаётган ва ўзини диндорман деб кўрсатаётган Мусайлама-Номоз Нормўмин каби чала мулла провокаторлар, демократик партияни диний ташкилотга айлантиришга ҳаракат қилаётган 53-54 лақабли Салой Мадамин кабилар туфайли барча ўзбек муҳожирлари шубҳа остида қолишлари мумкин. Улардан нафақат эҳтиёт бўлиш, балки, ўзбек жамиятининг келажагига хавф солаётган бундай фанатикларга қарши курашиш ҳам керак.