17 March 2010
01:42 - Президент Нурсултон Назарбойни Бош вазиримиз кутиб олди, лекин унинг афтини эфирда кўрсатишмади
Бугун Тошкентга келган Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбойни мамлакатимиз ҳукумати бошлиғи Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Президент Ислом Каримнинг Остонага сўнгги ташрифида уни Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов кутиб олганини эсласак, бу борада ҳисоб тенглашди.

Учоқдан тушаётган ва Мирзиёев билан кўришаётган Нурсултон Назарбойни маҳаллий ТВ намойиш этди, лекин кадрда мезбонни фақат орқасидан кўрсатишди. Бу тасодиф эмаслиги маълум. Аввал ҳам бир неча марта таъкидлаганимиздек, Ислом Каримнинг шахсий топшириғи билан Бош вазир ва бошқа ҳукумат аъзоларини иложи борича халққа кўрсатмаслик сиёсати олиб борилмоқда. Гўёки, Ўзбекистонни биттагина одам бошқармоқда, бу ҳам Ислом Каримдир деган кайфият яратилишга ҳаракат қилинмоқда.

Расмий хабарларда айтилишича, барча музокаралар эртага, 17 мартда ўтказилади. Музокаралар кун тартибидан минтақадаги сув-энергетика масалалари муҳокамаси ўрин олган.

Аввал хабар берганимиздек, Тошкент кўчалари Қозоғистон ва мамлкатимиз байроқлари билан безатилган. Кўчаларга сув сепилиб, ораста ҳолга келтирилган.