15 March 2010
02:45 - Ўзбек ТВдаги жиноятлар фош этилди, лекин ҳеч ким жазо олгани йўқ
Аввалги хабарларимизда Ўзбекистон телерадиокомпанияси Ёшлар телеканали ходими, журналист Малоҳат Эшонқулованинг мурожаатлари асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Вазирлар Маҳмакаси ҳамда Президент девони тафтишчилари томонидан каналда текширувлар бораётганини маълум қилгандик. Ниҳоят, тафтишлар якунланиб, натижалар аён бўлди.

Журналист Малоҳат Эшонқулова ўз аризаларида таъкидлаганидек, канал маъмуриятининг маҳаллийчилиги, молиявий қинғирликлари рад этиб бўлмайдиган далиллар билан фош этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси маълумотига кўра, кейинги йилларда канал маъмурияти томонидан 47 миллион сўм (23 000 АҚШ доллари) миқдорида талон-тарожликларга йўл қўйилган. Бир қанча шахсларнинг ўзлари мавжуд бўлмагани ҳолда уларнинг номига маошлар ёзилиб, ўзлаштирилиб келинган. Канал директори Хайрулла Нуриддинов ижодкорларга тегишли қалам ҳақини ўз яқинлари билан баҳам кўриб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб келган. Хусусан, ижодий фаолиятга мутлақо дахли бўлмаган котибаси Маъмура Ёқубжоновага 12,5 миллон сўм миқдорида қалам ҳақи ёзиб берган.

Кеча телерадиокомпанияда текширув натижалари бўйича ўтказилган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг компания раисига ўзлаштирилган пулларни давлат ҳисобига қайтариш ҳақида тақдимнома киритилгани, камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилгани таъкидланди.

Телерадиокомпания раиси Алишер Хўжаев Малоҳат Эшонқуловани иғвогар ходима сифатида кўрсатиб, компания ходимларини журналистга қарши қайради. Натижада Эшонқулованинг рақиблари сони яна бир неча мартага кўпайди.

Бош прокуратура томнидан жиноятлар фош этилган бўлса-да, канал директори Хайрулла Нуриддинов жавобгарликка ҳам тортилмади, ҳатто лавозимидан ҳам четлатилмади. Унинг Ўзбекистон режими олдидаги хизматлари инобатга олиниб, яна ўғирлик қилиш, маҳаллийчилик ва носоғлом муҳит яратиш учун имконият берилди.

Коррупция ва жиноятчилик ҳақида арз қилган журналист Малоҳат Эшонқулованинг каналдаги ижодий фаолияти, балки шахсий каръераси ҳам хавф остида қолди.