15 March 2010
15:45 - Гуржистон телеканалининг эшиттириши ички мухолифат ва ташқи душманни жиғибийрон қилди
Ўтган шанба куни, яъни 13 мартда, Гуржистоннинг “Имеди” телеканали русларнинг Гуржистонга қарши эҳтимолий ҳужумининг сценарийси бўйича тайёрланган программани эфирга узатгани катта жанжалларга сабаб бўлди. Шу сценерий доирасида берилган янгиликлар ичида президент Саакашвилининг ўлдирилгани ҳам айтилган. Диққатсизроқ бўлган телетомошабинлар ичида ростдан ҳам уруш бошланди деб ўйлаганлар ҳам бўлибди. Майда-чуйда сайтларнинг баъзилари уруш бошлангани ҳақида хабар беришга ҳам улгуришибди.

Ўша заҳоти аҳоли ичида паника бошлангани, “Тез ёрдам” чақирувчиларнинг сони кескин ортгани, ўғли чегарада хизмат қиладиган тбилисилик аёл юрак ҳуружидан ўлгани каби хабарлар кейинчалик тасдиқланмаган. Чунки, кўпчилик, телеэшиттиришни тўғри тушунган.

Табиий, бундай эшиттириш гуржилар ичида русларга қарши кайфиятни бироз бўлса ҳам кучайтиради. Аммо, Россия ва Гуржистон ўртасида феълан уруш ҳолати бор эканлигини ҳисобга олиба, бундай эшиттиришга оддий бир пропаганда мисоли деб қараса бўлади.

Русларнинг жиғибийрони чиқаётганини ҳам тушуниш мумкин. Россиянинг НАТО қошидаги вакили Дмитрий Рогозин ва бошқа рус расмийлари бу баҳона билан яна Саакашвилига ташланишиб, бу эшиттиришни 12 мартда Брюсселда ўтказилган НАТО-Гуржистон комиссияси мажлисининг натижаси дейишгача боришди. Бу ҳам тушунарли, чунки руслар Гуржистон борган сари Ғарбга яқинлашиб боришидан аламзадалар.

АҚШнинг Гуржистондаги элчиси Джон Бас бу эшиттиришни танқид қилганини ҳам тушуниш мумкин. Саакашвилининг ўзи ҳам бундай эшиттиришдан норози эканлигини билдиргани ҳам тўғри бўлган.

Аммо, Гуржистон мухолифатини мутлақо тушуниб бўлмайди. Унинг лидерлари тамомийла русларнинг позициясидан туриб, бу эшиттиришдан дарғазаб бўлганларини билдирмоқдалар, гапни айлантириб келиб, ҳамма айбни феълан Саакашвилига юкламоқдалар.

Президентнинг собиқ сафдоши, ҳозир мухолифатда бўлган “Демократик Ҳаракат - Бирлашган Гуржистон” Партиясининг лидери Нино Бурджанадзе "Имеди" телеканалини судга бериш ниятида эканлигини билдирди. Мухолифатчилар бу телеканал биноси олдида майда митинглар ҳам ўтказмоқдалар. Ваҳоланки, “Имеди” телеканали хусусий бўлиб, Саакашвилининг ашаддий душмани, ҳозир марҳум Бадри Патаркацишвили тарафидан яратилган ва маълум бир муддат мухолифатнинг Саакашвилига қарши асосий қуроли эди.

Гуржистон мухолифатининг қилаётган ишлари танқидга лойиқдир. Улар фақат Саакашвилига ёмонлик қилишни ўйлаб, Гуржистонни ҳам гуржиларни ҳам унутаётганга, Гуржистонни парчалаб, унинг бир қисмини босиб олган Россия билан ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрга ўхшайдилар.

Мухолифат, ўз моҳиятидан келиб чиқиб, ҳукуматнинг танқидчиси ва унинг рақибидир, баъзида рақиблик душманлик чегарасига бориб қолиши ҳам мумкин. Лекин, мамлакат ва миллат манфаатлари ҳар доим ҳамма нарсадан устун бўлиши шарт. Минг афсуски, бу аксиомани Гуржистон мухолифати тушунмаяпти. Яна бир бор афсуски, буни тушунмайдиганлар ўзбек мухолифати ичида ҳам бор.