11 March 2010
04:41 - Марказий Осиёда фандрайдерликни “Бирлик” бошлади, Олмаотада одамларни бунга алоҳида ўқитишмоқда
Маълумки, ноҳукумат ташкилотлар ва ҳатто сиёсий партиялар ҳомийлар/спонсорларларнинг моддий ёрдами билан фаолият олиб борадилар. Демак, ноҳукумат ташкилотлар ва сиёсий партиялар учун ҳомийлардан етарлича ёрдам олиш – улар учун ҳаётий масаладир.

Собиқ Совет мамлакатларида, жумладан, Марказий Осиёда ҳомийлик анъаналари йўқ. Одамлар бундай нарсалардан хабарсиз. Фақат бизда эмас, Ғарбда ҳам баъзи одамлар ҳомийлик қилиш лозимлигини ўзлари истамасликларини қўйиб туринг, умуман ҳомийлик системасининг моҳиятини тушунушмайди.

Шу сабабли ҳомийларни топиш, бу йўналишда иш олиб бориш ва бунинг натижасида фонд тўплаш алоҳида фаолият соҳасига айланган. Бундай иш билан шуғулланувчиларни Ғарбда fund raiser – фандрайзер (фонд ўстирувчи) деб аташади. Ҳозир ривожланган мамлкатларда фандрайзерлик алоҳида мутахассисликка айланган.

Сиёсий фаолият учун фонд тўплаш ишини, яъни фандрайзерликни Марказий Осиёда, балки, бутун собиқ Совет ҳудудларида “Бирлик” Партияси бошлади ва ҳозир у ўзбеклар ичида ҳомийлик анъаналарини яратиш билан шуғулланмоқда.

Қозоқларнинг Казинформ агентлиги бугун тарқатган хабардан маълум бўлишича, Олмаотада маҳаллий ноҳукумат ташкилотларнинг вакилларини фандрайзерликка ўқитиш бўйича махсус семинар-тренинг ўтказилмоқда. Семинарни Европа Иттифоқи тарафидан молиялаштирилган бир лойиҳа доирасида Нидерландияда жойлашган халқаро ташкилот - Milieukontakt International уюштирган.