09 March 2010
22:19 - Нурсултон Назарбойнинг Тошкентга келиши олдидан қозоқ элчисининг тили чиқди, келтирилган рақамлар бизнинг фойдамизга эмас
Бугун қозоқларнинг Казинформ агентлиги Қозоғистоннинг Тошкентга яқинда тайинланган элчиси Бўрибой Жексембин билан ўтказилган суҳбатни эълон қилди.

Икки мамлакат ўртасидаги гўёки дўстона муносабатларни олқишлаш, Нурсултон Назарбойнинг ташрифи ўзаро муносабатларни яна ҳам юқори даражага олиб чиқишига ишонч билдириш каби умумий гаплардан ташқари, бу суҳбатнинг пичоққа илинадиган жойлари қуйидагилар.

Шу пайтгача икки мамлакат ўртасида 100 дан ортиқ давлатлараро ва ҳукуматлараро шартнома имзоланган.

Нурсултон Назарбойнинг Тошкентга сўнгги расмий ташрифлари 2006 йил 19-20 март ва 2008 йил 22-23 апрель кунлари бўлган эди.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг ташқи савдо бўйича шериклари ичида 5-чи ўринда туради. 2009 йилда ўзаро савдо $1 млд 193 млн бўлибди (Қозоғистоннинг Ўзбекистонга экспорти $891,8 млн, импорти 304,4 млн), яъни Ўзбекистон сотишга нисбатан 3 барабар кўп сотиб олади. Иқтисодий кризис туфайли бу рақамлар 2008 йилга нисбатан 33,1 фоизга тушган. Ваҳоланки, икки тараф ҳам жаҳондаги иқтисодий кризисни усталик билан алдаб кетишганини гапиришади.

Ўзбекистонда қўшнимизнинг инвестициялари билан ишлайдиган 163 дона қўшма ширкат бор, Қозоғистонда бундай ширкатларнинг сони 282 та экан. Ўзбекистоннинг Қозоғистонга инвестициялари бор-йўғи $3,7 млн бўлса, қозоқларнинг мамлакатимизга инвестициялари 36 марта кўп - $134,4 млн.

Нурсултон Назарбойнинг 16-17 март кунлари бўладиган ташрифи давомида президентлар қўшма баёнот имзолайдилар, икки мамлакатнинг дипломатик ваколатхоналарини қуриш учун ер жаратиш хусусида шартнома ва ташқи ишлар вазирликларининг 2010-2011 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланади.

Имзоланадиган ҳужжатларга кўра, бу ташриф муҳим аҳамиятга эга бўлмайди, дейди мухбиримиз. Афтидан, асосий гаплар икки президентнинг шахсий учрашувлари пайтида бўлади, уларнинг натижалари ҳужжатлаштирилмайди. Диктатуралар учун оддий ҳол.