08 March 2010
13:11 - Ироқликлар 38 кишини қурбон қилиб, янги парламент сайладилар
Кеча Ироқда бўлиб ўтган парламент сайловларида 19 миллион сайловчининг 65 фоизи овоз бергани жаҳон хабар агентликлари тарафидан маълум қилинди. Ал-Қоида билан алоқаси бўлган Ироқ Исломий Давлати номли ташкилот ироқликларни сайловларда қатнашмасликка чақириб, қатнашганлар жазоланишини билдирганди. Унинг таҳдиди маълум маънода амалга ошди, турли террористик ҳужумлар натижасида кеча 38 киши ҳалок бўлди, тахминан 80 киши ярадаор бўлди.

Парламентдаги 325 ўринга кимлар сайлангани уч кун ичида эълон қилиниши кутилмоқда.

Ироқ сиёсий саҳнасида рамзий роль ўйнайдиган президент лавозимида курд аслли Барзоний ўтирган бўлса ҳам, ҳукумат шиаларнинг альянси қўлида эди. Бу альянснинг раҳбари Нури ал-Малики айни замонда бош вазир лавозимини эгаллаб келмоқда. У америкаликларнинг ишонган одами. Сунний араблар 5 йил аввалги сайловни бойкот қилиб, парламент ташқарисида қолишган.

Шиалар аҳаолининг 60 фоизини ташкил қилади. Суннийларнинг маълум бир қисми эса курдлар. Демак, бу сафар сайловларда иштирок этган арабларнинг сунний альянси парламентда кўп жой ололмаслиги ўз-ўзидан маълум. Чунки, бугунги Ироқда мутлоқ кўпчилик биринчи навбатда номзоднинг мазҳаб ёки миллатига қараб овоз беради.

Шиалар ҳам иккига бўлинган. Ияд Аллави раҳбарлигидаги Альянс Нури ал-Маликига мухолифлик қилмоқда. Агарда бу сайловларда ал-Маликининг альянси ғолиб чиқса, АҚШ ўзининг 90 минглик қўшинини яна ҳам камайтириш йўлидан кетади. Бу ердан олиб чиқилган аскарлар Афғонистонга жўнатилса керак.

Сайловларни Ияд Аллавининг альянси ютса, бу альянс ҳам дунёвий бўлишига қарамасдан,Ироқнинг келажаги ва АҚШ қўшинларининг камайтирилиши масаласида анчагина муаммолар чиқиши мумкин, деб ҳисобланмоқда.