07 March 2010
06:08 - Қуръони Каримнинг ўзбекча нусхаларини кўпайтирган икки шахс жавобгарликка тортилди
Шайхонтохур тумани прокуратураси томонидан хусусий босмахоналардан бирида Қуръони Каримнинг шайх Абдулазиз Мансур таржимаси нусхаларини ноқонуний равишда кўпайтириб, даромад орттиришга уринган Отабек А. исмли шахс ва унинг шериги устидан тергов ҳаракатлари бормоқда. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 190-моддаси (лицензиясиз бирон фаолият билан шуғулланиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Маълум бўлишича, матбаа соҳасида ишлаб келаётган бу шахслар тунда хусусий босмахоналарда бирида китоб бозорида харидоргир бўлган Қуръон Каримнинг ўзбекча нусхаларини чоп этишган. Йўловчи машиналардан бирида маҳсулотларни олиб кетаётганида йўл йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан тўхтатилиб, ушланган.

Ҳозирда чакана бозорда Қуръони Каримнинг Абдулазиз Мансур таржимасидаги варианти (китоби) 30-35 минг сўм (20 АҚШ доллари атрофида) сотилмоқда. Шунга қарамай аҳоли орасида нисбатан камёб бўлган бу китибга талаб катта.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда ўрнатилган тартибга кўра, диний йўналишдаги ҳар қандай рисола ва китоб чиқарилиши учун алоҳида рухсат олиниши ва бу хил адабиётлар фақатгина “Мовороуннаҳр” нашриётида чоп этилиши шарт.