07 March 2010
03:33 - Юлия Тимошенконинг ақли кирмоқда, у ўз хатоларини тан олишга ва улар устида ишлашга ҳозир
УНИАН агентлигининг хабар беришича, бугун бу мамлакатдаги машҳур Шустер Live телевизион программасида иштирок этган собиқ бош вазир Юлия Тимошенко шундай деди: “Сиёсатчи ўз хатоларини тан олишга ўрганмагунча, ҳеч қачон олдинга кетолмайди. Мен ўз хатоларимни тан олишга, улар устида ишлашга тайёрман ва нима нотўғри бўлса, уни тузатаман”.

У ўзининг биринчи қадами сифатида демократларни бирлаштиришга ҳаракат қилишини ҳам айтган. Ўзининг номи остидаги сиёсий блок парламентда мухолифатга ўтишини эълон қилган Юлия Тимошенко, бу блок мамлакат учун керакли бўлган қонунлар чиқариш устида иш олиб боришини урғулаган.

Маълумки, Юлия Тимошенконинг асосий хатоси президентлик мусобақасида, қолаверса, зарғалдоқчилар ичида лидерлик курашида ҳам, Виктор Юшченко устидан ғалаба қозониш мақсадида зарғалдоқчиларнининг асосий ғояларига ҳиёнат қилди ва ўзини Россиянинг ҳукумдори Владимир Путиннин қучоғига ташлади. Натижада, сайловни руспараст Виктор Янукович ютди.

Тимошенко шу хатосини тан оладими?

Бунга унинг мардлиги етмаса керак. Демак, зарғалдоқчиларни олдинда оғир кунлар кутмоқда. Хатосини тан олмаганларнинг бирлашиши қийин бўлади, балки, бутунлай бўлмайди.