07 March 2010
00:52 - Авторитет Миродил Жалоловнинг ҳибсга олиниш жараёни тасвири мобиль телефонларида пайдо бўлди
Кечаги хабарларимизда “Зеромакс”, “Нефтгазмонтаж” қўшма корхонаси сингари гигант ширкатлар хўжайини, таниқли авторитет Миродил Жалоловнинг МХХ тезкор ходимлари томонидан ҳибсга олингани ҳақида хабар қилгандик. Орадан кўп ўтмай бугунги кунда мамлакатдаги етакчи ахборот тарқатиш тизимига айланган уяли алоқа воситаларида авторитетнинг ҳибсга олиниши жараёни акс этган видеолавҳалар пайдо бўлди. Лавҳалар қўлдан қўлга ўтиб юрибди.

Қисқа, айни пайтда сифати яхши бўлмаган тасвирлардан маълум бўлишича, Тошкент халқаро аэропортидан қуролланган ниқобли шахслар Жалоловни тутиб олиб кетишмоқда. Тасвир тарқатувчиларнинг айтишича, Жалоловнинг ишларидан Президент Ислом Каримнинг жаҳли чиққан. Авторитет ўтган ойдаги мажлислардан бирида Тошкент шаҳар ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаевни қаттиқ ҳақорат қилган ва ҳокимятга ҳурматсизлигини намоён этган. Афтидан, бойларга ҳокимятнинг қудратини тушунтириб қўйишмоқчи.

Сўнгги маълумотларга кўра, ўтказилган аудиторлик текширувларида Зеромакс қўшма корхонасида 187 миллион сўмлик камомад ва талон-тарожликлар аниқланган. Шу боисдан хорижда дам олишда бўлган Миродил Жалолов кўрсатма бериш учун чақирилиб, Тошкент аэропортида ҳибсга олинган.