07 March 2010
00:51 - Амир Темур хиёбонида кесилган дарахтлар масаласида жиноят иши қўзғатилди
Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг талаби билан пойтахтдаги Амир Темур хиёбонида кесилган дарахтлар масаласида Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 193-моддаси (Экология хавфсизлигига оид нормалар ва талабларни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда “Нефтгазмонтаж” қўшма корхонаси (директор Миродил Жалолов) жавобгарликка тортилган мазкур ишнинг қўзғатилишига Бош вазир Шавкат Мирзиёев кўрсатма берган.

Жиноий иш материалларига кўра, муқаддам Революция хиёбони, маълум пайт Марказий хиёбон ва сўнгра Амир Темур хиёбони деб аталган майдондаги дарахтлар 1874 йилда экилган ва давлат ёдгорликларни асраш фонди рўйхатига киритилган. Бироқ мазкур иш юзасидан одатдагидек расмий хабарлар мавжуд эмас.

Эслатиб ўтамиз, Амир Темур хиёбонидаги дарахтлар ўтган йилнинг 16 ноябрида кесиб ташланган. Хиёбон олдидаги “Ўзбекистон” форумлар саройи кўрки намоён бўлиши учун кесилгани айтилган мазкур дарахтзорнинг экологик қиймати бир неча миллирад сўмни ташкил эитиши айтилмоқда. Ана шу форумлар саройи қурилишидаги хизматлари учун “Нефтгазмонтаж” қўшма корхонаси директори Миродил Жалолов Президентнинг 2009 йил 27 августдаги фармони орқали “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи” унвони билан тақдирланган.