04 March 2010
02:28 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Замона зўрники экан!”
Уйланиб, икки нафар фарзандли бўлгунга қадар томорқа олиб, уй-жой қуриш учун қаттиқ ҳаракат қилдим, аммо тайинли натижага эриша олмадим. Тўрт нафар укам мактабни битиргандан сўнг ўзимдан билиб, «Жойилма» маҳалласидан ижарага уй олиб, кўчиб чиқдим.

Аммо менинг кўз ўнгимда ҳамқишлоғимиз Холтўра Норматов фермер хўжалиги тасарруфидаги тутзорни ҳеч кимдан сўраб ўтирмасдан эгаллаб олди ва кўз очиб юмгунча учта данғиллама уй қурди. Вахоланки унинг иккита ҳовлиси бор, яъни уй-жойга муҳтож эмас.

Менинг ёш оила бошлиғи сифатида томорқа сўраб ёзган мурожаатларимни ҳеч ким тингламайди, шундай бир пайтда Холтўра акага ўхшаган қўли узун одамларнинг ҳеч кимдан сўрамасдан учталаб томорқа олиши, тўғрисини айтсам, менга алам қилди ва шунинг учун «Бу - қандай гап?» деб давлатнинг ерини дахлсиз сақлашга масъул бўлган идораларга ариза ёздим.

Бултур 19 сентябрь куни мени иш жойимдан Холтўра ака уй қуриб олган собиқ тутзорга чақириб қолишди. Тумандан, вилоятдан мен ёзган шикоят бўйича текширувчилар келган экан. Мен уларга аризамда кўрсатилган ҳолатларни кўрсатиб бердим. Шу пайт Холтўра аканинг Мухиддин деган ўғли текширишга келган одамларнинг олдида мени дўппослай кетди.

Улар мени Муҳиддиндан ажратиб олишди. Текширувчилар чой ичгани Холтўра аканинг уйига кириб кетишди, мен эса оғзи-бурним қонга бўялиб, мелисахонага келдим. Аммо «Гувоҳларинг йўқ, Муҳиддиннинг урганини исботлаб беролмайсан!» деб аризамни қабул қилишмади.

7 ноябрь куни Холтўра аканинг уйининг олдидан ўтадиган йўл билан ишдан ёлғиз келаётган эдим. Ҳалиги Муҳиддин менинг ёлғизлигимни кўриб, отасини, ака-укасини чақириб, менинг мазамни қочириб ташлади, сўнг беҳуш ҳолимда шу ердан оқиб ўтадиган «Дайтулак» каналига ташлашипти. Сувнинг совуқлигидан ҳушимга келдим. Бу воқеадан хабар топган ота-онам ва укаларим бошимга келишипти. Холтўра ака ўғиллари билан уларни ҳам роса калтаклашипти.

Мен туман Тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимида уч кун ўзимни билмасдан ётганман. Қаттиқ жароҳат олган укам Азаматни эса ҳатто даволаш учун қабул қилишмаган. У Қумқурғон туманидаги касалхонада ётиб даволанди.

Реанимацияда уч кун ётганимдан сўнг ўлмаганимни эшитиб, Холтўра аканинг ўғиллари мени ўлдириш учун касалхонага келишди. Аммо докторлар воқеадан хабар топиб, шундай-шундай гап бўлаяпти, биз танимайдиган одамлар бир касалимизни ўлдиришмоқчи, деб мелисахонага хабар қилишди. Бир соат деганда мелисалар келишиб, Холтўра аканинг «бригада»сини шифохона ҳовлисидан олиб чиқиб кетишди. Ҳаётимни сақлаб қолганликлари учун мен улардан миннатдорман.

Шундан сўнг мени бошқа бўлимга ўтказишди, каллам қаттиқ лат еган экан, тузалиб кетишим қийин бўлди.

Содир бўлган воқеа юзасидан Шўрчи туман ИИБ жиноят иши қўзғатди. Буни кўрингки, терговчи С.Рашидов менинг ўзимни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-моддаси (Тан жароҳати етказиш) 2-қисми билан айбли деб топди. Бундан ташқари терговчи «Холтўра ака ўғиллари билан сени биргалашиб урмаган, шунинг учун уларнинг биттасини танла, ўша ўғлига нисбатан жиноят иши очамиз!» деди. Мен: «Йўқ, улар ҳаммаси биргалашиб мени урди, биттасининг кучи менга етмас эди» дедим. Терговчи ўз билганини қилди ва Холтўра аканинг Фахриддин деган ўғлига ЖКнинг 109-моддасини қўйди ва «Ярашинглар, терговни тўхтатаман» деди. Мен: «Ҳам саломатлигимдан айрилдим, қарийб бир миллион сўмга даволандим, энди ярашаманми?» деб кўнмадим.

Терговчининг айбини суд очиб ташлармикан, деб ўйлаган эдим. Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди раиси А.Холмўминов мен келтирган гувоҳлар ва далилларнинг бировига ҳам қулоқ солмади. Нуқул «Ярашув битимига қўл қўй!» дейди. Унга ҳам терговчига айтган гапни айтдим, ҳеч бўлмаса аптекага кетган дори-дармоннинг бир қисмини тўлаб берсин, десам, Холтўра ака маҳалладан «кам таъминланган оила» деган маълумотномани олиб келди. Ҳайрон бўлдим: кам таъминланган оилада иккита «Нексия», яп-янги «Самара» бўладими! Кам таъминланган оила бир йилда учта ҳовли-жой қурадими!

Яқинда Холтўра ака 4 миллион сўмга бир от сотиб олди ва шу муносабат билан катта «от тўйи» ўтказди. Бир неча йил илгари куёви кўп миқдорда «героин» билан қамалиб кетган эди, унинг қамоқдан қайтишига катта ҳовли-жой совға қилди. Аммо Холтўра ака ҳам, ўғиллари ҳам бирор жойда ишламайди, ҳатто ҳалиги машиналар билан киракашлик ҳам қилишмайди.

Мен эса бир нарсага ҳайрон қолдим: суд раиси А.Холмўминов Ҳал қилув қарорини ўқигандан сўнг ҳам менга «Ҳалиям бўлса ўйлаб кўр!» деди.

«Дод»ингнинг ҳеч қаёққа етмаслиги одамга алам қилар экан. Докторлар ҳам, терговчи ҳам, суд ҳам Холтўра аканинг ноғорасига ўйниши яхшиликка олиб бормайди, деб ўйлайман. Чунки мазлумнинг оҳини барибир Аллоҳ эшитади. Шунинг учун бундай... золимлар бугун бўлмаса эртага барибир Аллоҳнинг қаҳрига гирифтор бўлади. Ҳозирча эса замона уларники бўлиб турипти. Менинг эса «Сенларнинг жазонгни Аллоҳнинг ўзи берсин!» дейишдан бошқа иложим қолмади.

Илҳом Абдуллаев
Шўрчи туманидаги «Жойилма» маҳалласи