03 March 2010
21:54 - “Ўз уйингни ўзинг асра!”, коллежингни ҳам!
Шу йил 22 февралдаги хабарларимизда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг қўш хотинли аъзоси Алишер Бурҳоновнинг Сирдарё вилояти телевидениесидан оила мустаҳкамлиги борасида фуқароларга сабоқ бераётгани хусусида ёзгандик. Мазкур хабаримиздан руҳланган сенатор, у айни пайтда Гулистон касб-ҳунар коллежи директоридир, антиқа кашфиётга қўл урди. Кечадан бошлаб коллеж биносини қўриқлашни Тошкентдаги махсус жанговар ва жисмоний тайёргарликдан ўтган соқчилар гуруҳига топширди. Кинофильмдаги гангстерларни эслатувчи бу норғул йигитларнинг салобатидан ўқувчилар тугул педагогларнинг ўзи ҳам чўчимоқда экан.

Алишер Бурҳонов коллеж раҳбари сифатида пойтахтдаги ана шундай фирмаларнинг бири билан коллеж биносини қўриқлаш ҳақида шартнома тузган. Шартномада кўрсатилган маблағлар коллеж ҳисобидан қопланиши айтилса ҳам коллежнинг 150 нафар ўқувчиларидан қўриқчиларни боқиш учун ойига 1500 сўмдан маблағ йиғилмоқда.

Мамлакатдаги маҳалла, хусусий уйлар, биноларга “Ўз уйингни ўзинг асра!” деб ёзиб қўйилган. Энди “коллежингни ҳам” деган ибора қўшиб қўйилса ажабмас.