20 February 2010
03:08 - “Эзгулик” Тошкент шаҳар судида ғалаба қозонди, унга нисбатан чиқарилган қарор қисман бекор қилинди
Бугун фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апеллация судлов ҳайъати Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятини 2,15 миллион сўм жаримага тортиш ҳақидаги Шайхонтоҳур тумани суди қарорини қисман бекор қилди. Яъни, жамиятга қўйилган жарима олиб ташланди. Даъвогар Илларионовга етказилган моддий зарар (100 минг сўм ёки 50 АҚШ долллари) қопланиши ва фуқародан жамиятнинг расман кечирим сўраши ҳақида Ажрим қабул қилинди.

Биз мазкур қарорга ҳам рози эмасмиз, шу боисдан юқори инстанция судларида манфаатларимизни ҳимоя қиламиз ва ҳукуматнинг кўрсатмаси билан “Эзгулик”ни бадном қилишга уринаётган Илларионовдан кечирим сўрамаймиз, деди жамиятнинг суддаги жавобгар вакили Абдураҳмон Ташанов мухбиримиз билан мулоқотда. Унинг таъкидлашича, суднинг бугунги ажрими биринчи инстанция суди судьяси Д. Исроилованинг мавқеини сақлаб қолишга қаратилган ҳаракат бўлиб, “Эзгулик”нинг ҳеч кимдан авф сўрашига ҳожат йўқ. Аксинча, Илларионовнинг ортида турган қонунбузар миршаблар жамоаси жазоланиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, “Эзгулик”нинг ана шу маҳкамага асос бўлган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси майнавозчиликка нишонми?” номли релизида инсон ҳуқуқининг энг оддий кўринишларига амал қилмайдиган Ўзбекистон ҳукуматининг декларация юбилейини ўтказишга маънан ҳақли эмаслиги фактлар асосида эътироф этилганди. Ана шу фактларидан бири сифатида қорақалпоғистонлик мардикор Ҳикмат Асетов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси (Босқинчилик) билан Исроил фуқароси Илларионовнинг телефонини ўғирлашда айбланиб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилгани, тергов вақтида унга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ва шу зўраки иқрорликлар асосида бегуноҳ шахс қамалиб кетилгани келтирилганди.