17 February 2010
02:43 - Пикетлар мавсуми бошланди(ми?)
Бундан 5-6 йил муқаддам Ўзбекистон ҳукумати норозилик намойишларига бирмунча эркинликлар берган, давлат ҳокимияти органлари олдида гуруҳ-гуруҳ бўлиб, пикет ўтказаётган кишилар кўзга ташланарди. Шу кунларда худди шундай мўътадил (пикетларга нисбатан) вазият кўзга ташланмоқда.

Масалан, бугун фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди биноси олдида Чилонзор тумани 3-мавзе 59-уй 45-хонадонда яшовчи фуқаро Муборак Ғафурова қариндошлари билан куни бўйи пикет қилди.

Пикетчилар билан сўзлашган мухбиримизга кўра, Ғафурова 18 минг АҚШ доллари эвазига уй сотиб олган, ва афсуски, уй ҳужжатлари қалбаки бўлиб чиққан. Ўзи билмаган фирибнинг қурбони бўлган аёл болаларнинг кўчада қолгани, қонунга кўра ўзининг “инсофли сотиб олувчи” сифатида эътироф этилиши ва уй унга хатлаб берилишини талаб қилмоқда. Суд маъмурияти қўлларида плакатлар билан норозилик намойиши ўтказаётганларга эътибор ҳам бераётгани йўқ.