29 January 2010
20:17 - Нурсултон Назарбой ҳам парламентнинг қўшма йиғилишида нутқ сўзлади, амалга ошган таклифи билан мақтанди
Бугун Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбой мамлакат парламенти икки палатасининг қўшма йиғилишида нутқ сўзлади, миллатга мурожаат қилди, ўз режалари билан ўртоқлашди. Унинг мурожаати “Янги ўнйиллик – иқтисодий ўсиш, Қозоғистоннинг янги имкониятлари” деб номланган.

Мурожаатнинг номидан ҳам кўриниб турибдики, Ўзбекистон президенти Ислом Каримдан фарқли ўлароқ, Нурсултон Назарбой жамиятни демократлаштириш ва либераллаштириш соҳасида дунёни лол қолдирувчи мувафаққиятларга эришилгани ҳақидаги лофлар айтиб, ўз халқини алдаб ўтирмади. У асосан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларига эътиборини қаратди. Унинг нутқида, қозоқ агентликларининг билдиришича, талабаларнинг стипендиясини оширишдан тортиб, мамлакатни саноатлаштиришгача бўлган буюк лойиҳалар ер олган.

Икки президентнинг миллатга мурожаатлари бўйича яна бир ўхшатиш жуда муҳимдир.

Ислом Карим парламентдаги нутқида ўзининг 2008 йилда айтилган ва ҳали ҳеч ким тарафидан тан олинмаган Афғонистон муаммоларини ечиш бўйича абстракт таклифлари билан мақтанган. Бу таклифларга бундан буён ҳам ҳеч кимнинг эътибор бермаслиги кўриниб турибди.

Нурсултон Назарбой ҳам икки йил аввал бир таклиф билан чиққанди, Қозоғистонни 2010 йилда ЕХҲТга раис қилиш таклифи билан. Ҳозир бу таклиф амалга ошди. Мақтанса арзийдиган таклиф.