29 January 2010
18:45 - Қирғиз журналисти Абдураҳим Пўлатнинг 20 йил аввал айтганларини билса эди, бугунги аҳволдан ҳайрон бўлмасди
“Озодлик” радиоси Бишкек бюросининг директори Кубат Оторбоев Regnum агентлигига берган интервьюсида Қирғизистонда сўз эркинлиги соҳасида вазият ёмонлашгани, журналистлар ўзларни хавфсиз сезмаётганлари ҳақида ташвиш билдирибди. Ўз бюросининг ходимлари очиқча таъқиб қилинмаётган бўлса ҳам, босим доим сезилиб турганини таъкидлабди.

Кубат Оторбоев мутлақо ҳақли, Қирғизистонда аҳвол нафақат сўз эркинлиги масаласида, балки, умумдемократик соҳада ёмонлашмоқда, орқага кетиш бугун эмас, кўп йиллар аввал бошланган. Бунинг сабаби нима? Бу жараёнларнинг сабабчиси аввал Ақааев бўлган бўлса, энди Бақиевми?

Бу саволлаарга жавоб бериш учун “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг бундан 20 йилча аввал айтган гапларига эътибор бериш керак. АҚШнинг машҳур «Ньюсуик» журнали 1993 йил сонларидан бирида Абдураҳим Пўлатнинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Ўзбекистон бу минтақада калит ўлкадир. Агар Ўзбекистон демократия йўлидан кетса, бутун минтақа шу йўлдан кетади. Агар Ўзбекистонда диннинг роли ошса, бутун минтақада ҳам шундай бўлади. Бугун бу калит Каримовнинг қўлида.” (Newsweek, 08.02.93).

Кўриниб турибдики, бу башорат мутлақо тўғри бўлган. Ўзбекистон диктатурани мустаҳкамлаш йўлидан кетгач, ўша йилларда анчагина демократик бўлган Қирғизистон ва Қозоғистон ҳам шу йўлга ўтишган.

Шуни алоҳида эслатиб ўтиш керакки, Қирғизистонда демократиянинг ривожланиши ва демократик тўлқинларнинг кучи билан Асқар Ақаевнинг президентлик курсисига келишида “Бирлик” халқ ҳаракати ҳал қилувчи роллардан бирини ўйнаган. Буни тушуниш учун Абдураҳим Пўлатнинг “Турк халқлари ассамблеяси: Қурилишидан 4- қурултойгача” номли мақоласини (“Ҳаракат” журнали, №3 (10) 1997) ўқиш керак. Журналнинг ҳамма сонлари ушбу сайтда бор.

“Бирлик”нинг ролини яхши тушунган Асқар Ақаев 1991 йил декабрда ўз қароргоҳида Абдураҳим Пўлатни қабул қилгани ҳам тасодиф эмасди. Аммо, у кейинчалик демократия йўлидан чекинишга бошлади. Чунки, «Ньюсуик» журналида айтилганидек, бу минтақадаги ҳар қандай жараёнларнинг характери Ўзбекистонга боғлиқ.