29 January 2010
17:14 - Украина Олий Радаси бир маҳаллар “Бирлик” раис ўринбосари билан ҳам учрашган вазир Юрий Луценкони истеъфога жўнатди
Кеча Украинанинг парламенти - Олий Рада - Юлия Тимошенко ҳукуматининг таниқли исмларидан бири, ички ишлар вазири Юрий Луценкони ишдан олиш ҳақида қарор чиқарди. Москвапараст Регионлар Партиясининг ташаббуси билан кун тартибига киритилган қарор лойиҳаси учун зарғалдоқ инқилоби даврида Тимошенконинг сафдошлари бўлган президент Виктор Юшченко ва парламент спикери Владимир Литвиннинг тарафдорлари ҳам овоз бердилар. Қолаверса, аввал Юрий Луценко Литвин фракциясининг аъзоси эди.

Бу қарор президент сайловининг иккинчи тури олдидан номзодлар ўртасидаги курашнинг бир парчасидир. Луценкога қарши унинг кечаги сафдошлари овоз беришгани эса, Украина сиёсатида авжига чиққан ифлос ўйинларнинг энг яхши кўрсатгичи бўлади. Тўғрисини айтса, Луценконинг ўзи ҳам шгу ифлос ўйинларнинг фаол иштиркчиларидан бирига айланган.

Юлия Тимошенко бу зарбадан эсанкираб қолмади. У дарҳол Юрий Луценкони ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари - вазир вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлади.

Эслатиб ўтамиз, Юрий Луценко 2006 йилда вазир бўлгандан кейин, бу мамлакатдаги ўзбек сиёсий қочқинларига бўлаётган босимни камайтириш ва уларган ёрдам бериш учун ҳам ҳаракат қилиб кўрган. Хусусан, мавзуни яхши ўрганиш мақсадида “Бирлик” Партиси раисининг ўша пайтдаги ўринбосари Исмоил Дадажон билан учрашган.