28 January 2010
02:51 - Наманганлик аёл калтаклардан кутилиш учун ўз эрини “ваҳҳобий”ликда айблаб қаматди
Бугун жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти судида вилоятнинг Норин тумани Чўжа қишлоғида яшовчи фуқаро (1970 йилда туғилган) Бахтиёр Сатторовнинг жиноят иши кўрила бошланди. У Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 110-моддаси (Қийнаш) ва 159-моддаси (Ўзбекистон Республикаи конституциявий тузумига тажовуз қилиш) билан айбланиб, 2,5 ой илгари қамоқа олинган. Унинг ҳибс этилишга рафиқаси Гулнора Сатторованинг мурожаати сабаб бўлган.

Гулнора ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига эрининг ўзини мунтазам калтаклаши, бунинг устига ваҳҳобийларга ўхшаб намоз ўқиши ҳақида ариза берган. Шундан сўнг уйда тинтув ўтказилиб, хонадондан Қуръон суралари қироати ёзилган диск ва “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп қилинган бир неча диний адабиётлар мусодара этилган.

Бахтиёр ва Гулноранинг 3 нафар фарзанди бор.