27 January 2010
00:24 - Миршаблар томонидан зўрланган маҳкуманинг ўзини “хулқи бузуқ”қа чиқаришмоқчи
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти томонидан сурхондарёлик опа-сингил Соатоваларга ваҳшиёна қийноқ қўлланилгани, хусусан, уларнинг бири Райҳон Соатовани бир неча миршаблар зўрлагани ҳақида аввал ҳам хабар қилгандик. Бугун жамиятнинг 4-сонли пресс-релизида таъкидланишича, прокуратура органлари зўрланган, натижада ҳомиладор бўлиб қамоқда кўзи ёриган Райҳон Соатованинг ўзини ахлоқсиз, маиший бузуққа чиқаришмоқчи экан. Шу мақсадда Жарқўрғон тумани прокурорининг ўринбосари Жаҳонгир Козимов Райҳон яшаган қишлоқ маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоли, у ўқиган мактаб маъмурияти ва ўқитувчиларни чақириб, унинг ахлоқи яхши эмаслигини ёзиб беришни талаб қилибди. Прокурор ўринбосарининг таъкидлашича, бу ҳақда юқоридан кўрсатма келган ва у кўрсатмага асосан иш юритмоқда.

Жамиятнинг аввалги релизларидан маълумки, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Ш. Ғозиев мазкур воқеага изоҳ бера туриб, маҳкумани зўрлаган бир неча миршабларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 118-моддаси (Номусга тегиш) билан жиноят иши қўзғатилганини баён қилганди. Шунга қарамай прокуратура ишни ёпишга киришган. “Ҳозирда прокурор ўринбосарининг калтабинлиги, қонунсиз ҳаракатларидан сўнг бу ҳодисани яқиндан билмаган, шу пайтгача асл воқеликдан хабардор бўлмаган Соатовларнинг қариндошлари орасида ҳиссиётга берилиш, қизнинг номусини ҳимоя қилишга қаратилган ўзбекона орият ҳисси туғёнга келган. Оқсоқол, мактаб маъмурияти Райҳонга ижобий тавсиф берганини, аммо бу прокуратурани қониқтирмаётганини баён қилмоқда” дейилади релизда.

Мазкур ҳодисадан сўнг БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси, доктор Манфред Новак жамиятнинг чақириғига мувофиқ мазкур жинсий зўрланишнинг барча даражада ўрганиб чиқилиши лозимлигини таъкидлаган. “Зўрланиш даъвоси эса ДНК ташхиси билан текширилиши керак. Нафақат бу қилмишни содир этган милиция ходимлари, балки бунга изн берган уларнинг бошлиқларини ҳам жавобгарликка тортиш ўта муҳим. Жавобгарликка тортиш юқори поғоналарга ҳам етиб борган тақдирдагина, бу каби қилмишларни бартараф этиш чоралари иш берган бўлади” деган БМТ мулозими.

Релизнинг тўлиқ матнини жамиятнинг расмий веб сайтида ўқийсиз — www.ezgulik.org