14 January 2010
14:05 - Гаитида ер қимирлаш – минглаб ўлганлар бор
Дунё ахборот воситаларининнг диққат марказида турган воқеа – Гаитида 12 январь куни 7 балли ер қимрлаш бўлгани. Жаҳоннинг энг қашшоқ мамлакатларидан биридаги бу даҳшатли воқеа натижасида ўн минглаб одам ўлгани тахмин қилинмоқда. Аммо, ҳозир бу ҳақда рақамлар тўплашга ҳеч кимнинг вақти йўқ, қолаверса, имкон ҳам. Ҳозир ҳамма кучлар, биринчи навбатда, чет эллардан келган кучлар, ҳаробалар остидан тирикларни қазиб олиш, ярадор бўлганларни даволаш, уй-жойсиз ва овқатсиз қолганларни энг керакли нарсалар билан таъминлашга ташланган.

Ер қимирлашнинг маркази мамлакат пойтахти Порт-о-Пренсадан 22 км узоқликда, 30 км чуқурликда эканлиги маълум. Биринчи зарбалардан кейин, яна икки марта ер қимирлаган, уларнинг магнитудаси - 5,9 ва 5,5 балл.

Гаити билан Кубанинг шарқий соҳилини катта бўлмаган бўғоз айириб туради. АҚШнинг Гуантанама ҳарбий базаси ва шу номли машҳур қамоқхона айнан ўша бўғозга яқин. Лекин у ерларда ер қимирлашнинг таъсири унчалик сезилмаган. Биноларга шикаст етмаган, талафот йўқ.

АҚШ президенти Обама бу мамлакатга ёрдам беришга ваъда берди ва ёрдам келабошлади. Гаитинига энг яқин бўлган Майами штатининг губернатори, республикачи Charlie Crist ҳам штатнинг имкониятлари билан гаитиликларга ёрдам бериш кампанияси бошлатди. АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс Гаитидаги ер қимирлаш туфайли аввалдан режалаштирилган Австралия сафарини бекор қилди, Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон эса Тинч океани мамлакатлари бўйича сафарини тўхтатиб, Вашингтонга қайтиб келди.

Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлининг ИЛ-76 транспорт учоғи ҳам бугун эрталаб Гаитига учиб кетгани хабарлар ичида. Руслар у ерга яна икки вертолёт юборишмоқчи.

БМТ бу қашшоқ мамлакатга доим ёрдам бериб келган. Мамлакат пойтахтидаги БМТнинг офисида бир неча юз ходим ишлар эди. Reuters агентлигининг хабарига кўра, улардан 16 киши ер қимирлаш қурбони бўлган, 150 кишидан ҳали ҳам дарак йўқ. Уларнинг катта қисми ҳалок бўлган деб ҳисобланмоқда.