14 January 2010
13:00 - Туркия-Исроил кризиси исроиллик вазир ўринбосарининг узр тилаши билан битди
Исроил ташқи ишлар вазири ўринбосари Дэнни Айлон 11 январь куни Туркиянинг Исроилдаги элчиси Ўғиз Челикқўлга нисбатан кўрсатган ҳурматсизлиги туфайли бошланган (тафсилотлари кечаги хабаримизда) икки мамлакат ўртасидаги навбатдаги кризис эртаси куни тамом бўлибди.

Туркия 12 январь куни Исроилда узр тилашни талаб қилиб, акс ҳолда, ўз элчисини чақириб олиш билан таҳдид қилгач, икки мамлакат дипломатлари ўртасида қиличбозлар дуэлидаги каби интенсив, юмшоқроқ қилиб айтсак, фикр алмашиш бўлган. Кечга яқин Дэнни Айлон ёзувли баёнот тарқатиб, бундай воқеа бўлишини истамаганинини, мақсади Туркия элчисига ҳурматсизлик кўрсатиш бўлмаганини билдирган. Туркия тарафи бу баёнотни узр сифатида қабул қилмаслигини, агар узр тиланмаса, ўз режаларидан орқага қайтмаслигини айтган. Исроил аввалига бундан бошқа ҳеч нарса қилинмаслиги, очиқча узр тиланмаслигини билдирса ҳам, 12 январь куни соат 20:30 да Дэнни Айлон “кеча бўлган воқеалар туфайли элчи Ўғиз Челикқўлдан узр тилайман” деб яна бир баёнот тарқатган.

Дэнни Айлон аъзоси бўлган “Уйимиз Исроил” партияси ҳам бу воқеадан ғазабланган. Бу партия вакилининг Jerusalem Post газетасига айтишича, жорийдаги партия раиси Авигдор Либерман ўз устидан порахўрлик хусусида очилган ишлар бўйича айбдор деб топилса, унинг ўрнига Дэнни Айлоннинг ўтиши кутилаётган эди, аммо у Туркия элчисига кўрсатган муносабати билан ўз сиёсий карьерасига нуқта қўйди.

Кнессетга Кадима партиясидан сайланган Роберт Тибаев ва яна 16 депутат ҳам Ўғиз Челикқўлга мактуб йўллаб, узр тилашибди.