07 January 2010
21:45 - “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси Бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев лавозимидан четлатилди
Бугун Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ёзувчилар уюшмаси муассислигида чоп этиладиган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририятида мажлис бўлиб, унда ташкилий масала кўрилди. Мажлисда қатнашган Ёзувчилар уюшмаси раиси Бобур Алимов газета бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев пенсияга чиқиши муносабати билан ариза бергани ва бу лавозимга шу пайтга қадар “Туркистон-пресс” номли гўёки нодавлат ахборот агентлиги Бош директори бўлиб ишлаб келган Саъдулла Ҳакимовнинг тайинланганини эълон қилди. “Ўз хоҳиши билан” бўшатилгани айтилаётган собиқ муҳаррирнинг кайфияти ёмон эди, дейди таҳририят ходимларидан бири, унга совға-саломлар берилиб, йўлига бўлсаям иззат-икром кўрсатилибди.

Аҳмаджон Мелибоев узоқ йиллар Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетида инструктор бўлиб ишлаган. У Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Одил Ёқубовдан сўнг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”нинг тимсолига айланган муҳаррирлардан бири бўлди. Лекин орада бир неча йил Ўзбекистон Президентининг Давлат маслааҳатчиси лавозимида ҳам ишлаб, кейин яна муҳаррирликни давом эттирганди. Саъдулла Ҳакимов эса Президент девонининг борган жойини хароб қилган замонавий кадрларидандир.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги даракларимизда ҳам Аҳмаджон Мелибоевнинг истеъфоси ҳақида хабар қилгандик. Ўшанда ҳам унинг ишдан олиниши масаласи кун тартибига қўйилган, ҳатто ариза ҳам олинган, лекин негадир яна фаолиятини давом эттирган эди.