06 January 2010
23:16 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Анқовбойлар!”
Коррупция - тараққиётнинг доимий ҳамроҳидир. Масалан, талабгорларнинг олий ўқув юртларига кириш учун имтиҳон топшириши жуда кўп йиллар коррупцияга катта даромад олиб келтирди. Тест синовларининг жорий қилинишини коррупциянинг қўлини чопиб ташлаши керак эди. Аммо алоқа воситаларининг такомиллашуви унинг тегирмонига сув қуймоқда: абитуриент имтиҳонга мўъжаз телефон билан киради ва тўғри жавобни аниқ топади. Бу самарали тажриба ҳозир чекка вилоятларгача етиб борди. Аммо ана шу мўъжиза ҳам одамзоднинг табиатидаги анқовликни бартараф этолмас экан. Бунинг жабрини эса ҳар доимгидек абтуриент тортади.

2006 йил Денов туманидаги 27-мактабни имтиёзли аттестат билан битирган Дилноза тўрт йилдан бери тест синовларидан ўтолмайди.

Дилнозанинг отаси айтади:

- 2009 йил 30 апрел куни хизмат юзасидан Термизга борган эдим. Уйдан Термиздаги 2227125 ёки 2232483 телефонларига қўнғироқ қилишим лозимлигини айтишди. Райхон Ҳайдарова қизимнинг ўқишга кириш масаласи ҳал бўлганлиги, шунинг учун унинг ишхонасига етиб келишим кераклигини айтди. Унинг ишхонаси «Сурхон тонги» ва бошқа газеталарнинг таҳририяти жойлашган бинонинг иккинчи қаватида жойлашган экан. Борсам Райхон менга “Қизингизни пулсиз ўқишга киритиб бўлмайд. Университетнинг ректори шу масалаларни ҳал қилиш учун Тошкентга кетяпти. Уч минг доллар керак, ректор кутиб ўтирипти”, деди. Мен: “Ҳали қизим ҳужжатларинитопширмаган бўлса...” десам у “Ректор тест маркази билан гаплашиб келади, қолгани ўзимизнинг қўлимизда”деди. 1 май куни Райхон Ҳайдарованинг ишхонасига 1000 АҚШ доллари олиб бордим. У Термиз Давлат университетининг Умидилло Исмоилов деган ўқитувчисини чақирди. Мен 1000 долларни Умидилло акага бердим. У менга соткасининг номерини айтди: 244-20-77 экан ҳозир минг долларни ректорга олиб бориб бераман, қолганини ҳам тезлик билан етказиб беринг деди.

Шундан кейин Райхон Ҳайдарова ва Умидилло Исмоилов билан телефонда сон-саноқсиз гаплашдик. Нуқул пулнинг қолганини етказинг дейди.

22 май куни яна 1000 доллар топиб Р.Ҳайдарованинг уйида У.Исмоиловга бердим. Умидилло ака “Яна минг доллар топмасангиз қизингиз ўқишга киралмайди” деди. Кейин улар билан телефонда минг марта гаплашдик. 400 доллар топиб берсам, энди 1500 доллар қилиб олиб келасиз деб олмади.

27 июл куни Умидилло Исмоилов пулнинг қолгани билан қизингизни олиб келинг деди. Мен минг долллар топдим. Исмоилов билан тайинланган жойда учрашдик. Агар қизим тестдан яхши ўтса, мана бу минг доллларни бераман, ўқишга киргандан кейин эса қолган 500 долларни бераман, дедим. Исмоилов қизимни Носиров Анвар исмли ўқитувчига учраштирди. Улар Дилнозани Акрамов Хуршид деган кишига учратишди. Дилноза тестга киргандан сўнг +998983058998, +998765919167, +998763929636 рақамларига қўнғироқ қилиб, тўғри жавобларни олиши керак эди.

Қизим тестдан хомуш чиқди. «Ҳа!» десам «Телефонда фақат инглиз тилидан саволларга жавоб айтишди, бошқа фанлардан айтишмади» деди. Исмоиловни топиб, нега бундай бўлди деган эдим у суриштириб, йигитлар жавоб айтишда адашиб қолишипти, энди узр, деди. Шундай қилиб, қизим яна бир йилга куйди. Икки минг долларни ҳозиргача ололганим йўқ.

Бу тафсилотларнинг 2009 йил бўлганига одамнинг ишонгиси келмайди. Қаранг, абитуриент тест синови хонасида ташқаридан барча саволларга жавоб олади! Ташқаридагиларнинг анқовлиги билан Дилноза саволларнинг ҳаммасига аниқ жавоб беролмайди. Агар уларнинг хаёли чалғимаганда эди Дилноза албатта 3,5 минг доллар билан ўқишга кирар эди.

Мен айтаман: демак, шундай лўттибозликликларни амалга оширмоқ учун жамиятимизда шароит бор экан-да! Менга қолса, энг катта Анқов деб Дилнозанинг отасини айтган бўлар эдим. Лекин бошқа нажот тополмагани учун бу... Анқовбой шу йўлни танлагандир. Хуллас, ҳаммага... қойил!

Шариф Алиев