05 January 2010
11:35 - Россия ва Белорусия ўртасидаги одатий жанжал кайфияти ўзбекларни ўйлантириб қўйиши керак
Бу икки мамлакат 2010 йил учун нефть савдоси ҳақида, тўғрироғи, Белорусия Россиядан сотиб оладиган нефтнинг нархи ҳақида келишолмадилар. Бунинг сабаби ҳам тушунарли – Белорусия президенти Лукашенко дунёда Россиянинг сал кам тўла қўллаб-қувватлайдиган ягона давлат эканлигидан иложи борича кўп фойда чиқариш учун нефтнинг нархи арзонроқ бўлишини истайди. Россия эса, оғир иқтисодий вазиятда ўз вассалига ҳам нефтни қимматроққа сотишни ўйлайди.

Кўринишидан, айнан Белорусия Россия таклиф қилган нархга рози бўлмагани сабабли 2010 йил учун керакли шартнома имзоланмаган. Россия бундай шароитда ўз вассалига нефть беришни тўхтатиб қўйишга журъат этмаса ҳам, ундан нефть учун катта бож олиш билан таҳдид қила бошлади. Белорусия эса, Россиянинг марказий қисмидан Калининград вилоятига ўз ҳудудлари орқали бериладиган электр энергиясини узиб қўйиши мумкинлигини айтиб, Россияга таҳдид қилмоқда.

Хуллас, Россия-Белорусия муносабатларида одат тусига айланган жанжал кайфияти яна ҳукмрон.

СССР парчалангандан бери вақти-вақти билан Россия ва унинг собиқ мустамлакалари ўртасида иқтисодий муаммолар чиқиб туради. Бу ҳам тушунарли, чунки ҳар бир мамлакатнинг ўз манфаати бор, демак, манфаатлар зиддияти туфайли муаммолар чиқиб туриши табиий. Эндигина мустақил бўлган республикалар ўз ҳақларини собиқ метрополиядан олишга ҳаракат қилаётганлари ҳам табиий.

Ана энди ўйлаб кўринг, мустақиллик йилларида Ўзбекистон билан Россия ўртасида бирон бир иқтисодий муаммо чиққанини эшитдингизми? Ахир, Ўзбекистон Россияга газ, пахта, уран, олтин ва бошқа рангли металлар сотади, Россиядан кўп нарса сотиб олади-ку.

Ҳеч қандай муаммо чиқмади ва Ислом Карим бор экан чиқмайди ҳам. Чунки, у Россиянинг манфаатларини қўриқлаш учун Лубянка томонида бошимизга қўйилган одам. У биринчи навбатда Россиянинг иқтисодий манфаатларидан келиб чиқиб иш қилади. Ҳамма нарх руслар айтгандек бўлади. Шу сабабли бизда ҳеч нарса эълон қилинмайди.

Ислом Карим ҳатто Лукашенкодек бир вассал белорусларнинг манфаатини ҳимоя қилаётган даражада бўлса ҳам ўзбекларнинг манфаатини кўзлаб Россия билан жанжал қилган эмас ва қилиб ўтирмайди. Лукашенко вассал бўлса, бизники унга нисбатан икки қат вассалдир. Унинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти, ГУАМ, Ероосиё Иқтисодий Ҳамжамияти каби ташкилотларга кириб-чиқиш ўйинларининг эса ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Шунинг учун руслар ҳам бу ўйинларга парво қилишмайди.

Ҳа, ўзбеклар ўйлаб кўриши керак бўлган мавзулар кўп.