03 January 2010
22:54 - АҚШ ва Буюкбританиянинг Йемендаги элчихоналари ёпилди
Бугун бу икки мамлакатнинг Санадаги элчихоналари Ал-Қоиданинг таҳдидлари туфайли ёпилди, деб хабар беради Reuters агентлиги.

Хабарда Йеменда сиёсий вазият ёмонлиги, бир томондан, шиалар, иккинчи томондан, жанубдаги суннийлар мустақиллик учун баъзида урушга айланиб кетаётган кураш олиб бораётганлари, бу қашшоқ араб ўлкасида Ислом фанатизмининг илдизлари чуқурлиги айтилади. Хабар АҚШ элчихонасининг расмий тарқатилган баёноти ва Оқ Уй расмийларининг гапларига асосланиб берилган бўлса ҳам, охирги кунларда Ал-Қоидадан аниқ бир таҳдид келгани ҳақида ҳеч қандай факт келтирилмайди.

Тахмин қилиш мумкинки, элчихоналар ёпилишининг асл сабаби – террорга қарши курашда АҚШ ва Буюбритания Йемен ҳукуматига ёрдам бераётганлари ва нигериялик Умар Муталлиб Амстердам-Детройт учоғини Ал-Қоиданинг Йемендаги ташкилотининг топшириши билан портлатишга ҳаракат қилгани маълум бўлгандан кейин бу ёрдамнинг кескин орттирилиши билан боғлиқдир. Бундай шароитда, бу икки мамлакатнинг элчихоналари Ал-Қоиданинг нишонига айланиши табиий.

Ҳозирча элчихоналар ходимларини Йемендан олиб чиқиш муҳокама қилинаётгани йўқ, улар Санадаги уйларида бўладилар.