03 January 2010
13:50 - Туркия курдлари янги партия қурдилар, у яна ҳам радикалроқ сиёсий йўлни танлади
11 декабрдаги хабаримизда Туркиянинг Конституцион Суди Туркияга қарши террорчилик уруши олиб бораётган кучларни қўлла-қувватлашда айблаб, курдларнинг Демократик Жамият Партиясини бекитгани, бу партиянинг икки аъзосига (улар парламент аъзолари ҳам эди) 5 йил сиёсат билан шуғулланиш тақиқланганини билдиргандик.

Ўша хабаримизнинг сўнгида қуйидаги сатрлар бор эди:

“Демократик Жамият Партиясинининг (ДЖП) мамлакат парламенти – Туркия Буюк Миллат Мажлисида 21 депутати бор эди. 2 кишининг мандати бекор қилингач, қолган 19 киши мустақил депутат бўлиб парламентда қолаверади.

Бу каби воқеаларнинг тажрибасидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, курдлар тезда янги ном остида бошқа партия тузадилар ва 19 депутат унга киради. Аммо, бундай партия ҳозирча парламентда расмий фракция тузолмайди, бунинг учун 20 депутат лозим. Шу кунгача парламентда 11 мустақил депутат бор экан. Агарда улардан биронтаси янги партияга кирса, у ҳолда янги партия парламент фракцияси ҳам тузиб олади. Яъни, Конституцион Судда партиянинг бекитилиши жиддий ўзгаришларга йўл очмайди. Лекин бу қарор курд сиёсатчиларига жиддий огоҳлантириш бўлиб қолса керак.”

Воқеалар айнан шу йўналишда давом этди. Ярим ой ҳам ўтмасдан Тинчлик Демократик Партияси номи остида янги партия тузилди, у бир неча кун ичида рўйхатдан ҳам ўтди. ДЖПнинг Туркия Буюк Миллат Мажлисидаги 19 депутати ва бир мустақил депутат янги партияга кирдилар. Шу билан янги партиянинг парламентда фракцияси ҳам тузилди.

Лекин, маълум бўлишича, ДЖПнинг ёпилиши курд сиёсатчиларига жиддий огоҳлантириш бўлмапти. Тинчлик Демократик Партиясининг қурултойида айтилган нутқлар ва бу партиянинг янги лидерлари бераётган баёнотлар қанчалик эҳтиёткор ифодадар билан тўлатилган бўлмасин, аниқ кўриниб турибдики, янги партия аслида яна ҳам радикалроқ миллатчилик сиёсати юритмоқчи ва террор ҳаракатларини миллий истиқлол йўлидаги кураш сифатида қўллаб-қувватламоқчи.