31 December 2009
02:33 - Ўзбек халқига янги йил совғаси: энди пенсия тўғридан-тўғри давлат бюджетидан тўланмайди!
Президент Ислом Каримнинг бугун имзолаган Фармонига кўра, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига жиддий ўзгартириш киритилади. Шу пайтга қадар давлат бюджети ҳисобидан қопланаётган давлат пенсиялари ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш ҳамда уларни молиялаштиришдан тортиб, пенсиялар тўловини мониторинг қилишгача бўлган функциялар янги ташкил этилаётган бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг жойлардаги бўлинмаларига топширилади. Яъни, қарияларга пенсия тўлашни давлат ўз зиммасидан маълум маънода соқит қилади.

Фармонда бундай ислоҳотдан кўзланган мақсад пенсия маблағларини ўз вақтида етказиб бериш, бу борадаги ислоҳотларни чуқурлаштириш экани айтилган бўлса-да, пенсионерларнинг энди қарилик нафақаларини олиши амалда қийинлашади. Чунки, пенсиялар тўғридан-тўғри давлат бюджетидан қопланаётган вақтда ҳам доимий кечикишлар бўларди. Энди пенсия таъминотининг аллақандай жамғармага ўтказилиши бу борадаги вазиятни яна-да ёмонлаштириши шубҳасиз, дейди мухбиримиз.

Ислом Каримнинг икки кун аввал ўтган сайлов спектаклида ўз фаоллигини кўрсатган нишонлик 110 ёшли Шоберди бобо, ўртачирчиқлик 109 ёшли Маруфот момо сингари қарияларга йўллаган янги йил совғасини кўпчилик хонадонлар оғриқли кутиб олса керак.