25 December 2009
12:35 - Озорбайжонда маҳаллий сайловлар бўлиб ўтди, Илҳом Алиев 48 ёшга кирди, Тоғли Қорабоғ арманилар қўлида қолаверди
23 декабрда Озорбайжонда бўлиб ўтган муниципал сайловларда сайловчиларнинг 32 фоизга яқини иштирок этиб, 30 партиянинг номзодларига овоз берибди. Номзодларнинг каттагина қисми мухолифатдаги майда-чуйда партияларидан. Мухолифат бу сайловларга ҳам бирлашиб кирмагани, сайлов комиссиялари тамомийла ҳукуматнинг қўлида бўлгани сабабли, ҳокимиятдаги “Янги Озорбайжон” партияси мутлақо кўпчлик овоз олишини кутиш ғоят табиий.

24 декабрда бу мамлакатнинг президенти Илҳом Алиев 48 ёшга кирди. Унга ҳокимиятни отаси Ҳайдар Алиев 2003 йилда топшириб кетган эди. Отасининг иш услублари билан тезда мавқеини мустаҳкамлаб олган Илҳом Алиев 2008 йилда иккинчи муддатга президент этиб сайланган.

Нефтга бой бу мамлакатнинг биргина бош оғриғи бор – Тоғли Қорабоғ мухтор ўлкаси ва унинг атрофидаги ҳудудлар, ҳаммаси бўлиб Озорбайжоннинг 20 фиоз ҳудуди, арманилар тарафидан 1992 йилда босиб олингани. Кеча Илҳом Алиев русларнинг “Вести” телеканалига берган интервьюсида “2009 йилни Тоғли Қорабоғ муаммосини ечиш нуқтаи назаридан ижобий, аммо кутилганидан камроқ ижобий” деб баҳолабди.

Унинг бу сўзлари лўттибозликдан бошқа нарса эмас. У, отаси каби, Тоғли Қорабоғ ва бошқа мамлакат ерларни озод қилиш учун ҳеч нарса қилолмади. Бунга қарамасдан, озорилар ота-ўғилни миллий қаҳрамон сифатида кўришади ва уларга тапинишади. Демак, Озорбайжоннинг асосий муаммоси, балки, бош оғриғи – озориларнинг шундай нотабиийлиги бўлса керак.