16 December 2009
21:34 - Русларнинг тарихидаги буюк инсонлардан бири Егор Гайдар вафот этди
Бугун эрталаб Москва яқиндаги дала ҳовлисида Егор Гайдар вафот этди. 53 ёшли бу инсоннинг ўлим сабаби – Россияни ҳалокатдан қутқаришдек ишнинг оғир маъсулияти остида эзилиш бўлди. Ҳа, бундай маъсулият остидан соғлом чиқиш осонмаслиги аввалдан маълум эди, минг афсуски, Егор Гайдар ҳам чиқолмади.

СССР иқтисоди чўкиш арафасида турган пайтда ҳукуматга келган Егор Гайдар чуқур ислоҳотлар қилишга бошлади. Аммо, унинг асосий иши – Россия иқтисодини ўлимдан қутқариб, ҳозирги чўққиларига чиқиш йўлини топиб бериш бўлди. Табиий, бундай оғир шароитда, бунинг устига, альтернативаси бўлмаган шок терапияси усуллари билан “гайдарча” ислоҳотлар ўтказилар экан, руслар оммавий шокка тушганини тасаввур қилиш қийин эмас. Аммо, ўша шок учун Гайдарни кечиролмаган руслар, унинг фаолиятини ҳалигача тўғри баҳолай олмаётганлари – уларнинг энг катта айбдир. Шубҳасиз, вақти келади, Россия ўз буюк фарзанди Егор Гайдарни ўзи учун қайтадан очади.

Ислоҳотлар тарафдори бўлган рус демократларининг ўзи ҳам Гайдарнинг фаолиятини тўғри баҳолай олмадилар, у яратган бойликдан тўғри фойдалана олмадилар. Яна ҳам тўғриси, уни тўла тушунолмадилар. Рус демократиясининг мазкур босқичдаги мағлубиятининг асосий сабаби ҳам шудир.

Нима бўлса ҳам, Егор Гайдар янги тарих яратиб кетди ва шу тарихда мангу қолади.