12 December 2009
01:55 - Ўтиб бораётган йилда 2 минг нафар юртдошимиз автоҳалокатлар қурбони бўлди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан йўл ҳаракати хавфсизлиги ойлиги бошланган 10 декабрь куни эълон қилинган маълумотда айтилишича, ўтиб бораётган йилнинг 11 ойида мамлакатимизда қарийб 10 мингта йўл транспорт ҳодисаси қайд қилинган. Натижада 2015 нафар юртдошимиз автоҳалокатлар қурбони ўлароқ ҳаётдан кўз юмди, 10484 нафари турли даражада жароҳатлар олди.

Энг даҳшатлиси, қурбон бўлганларнинг чорак қисмини, яъни 261 нафарини болалар ташкил этади.

Қатор оммавий ахборот воситаларида чоп этилган мазкур маълумотга изоҳ берган Ўзбекитсон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маъмурияти бу борада ўзига хос чоралар кўрилаётганини таъкидлади.

Афсуски, таҳлиллар аксарият ҳолларда ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслигини кўрсатмоқда. 806,5 минг ҳолатда ҳайдовчилар хавфсизлик камарларини тақмаган, 76,7 минг марта рулда бўлган пайтда уяли алоқа воситасидан фойдаланган 64 200 ҳайдовчи ширакайф ҳолатда машина бошқарган. Майда-чуйда қоидабузарликларни қўшиб ҳисоблаганда 4 миллион 42 минг марта йўл қоидалари бузилган.

Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси аксарият қоидабузарликларнинг ўз гарданидан соқит қилиб, ҳайдовчилар зиммасига юкларкан, мамлакатда йўлларнинг аксарияти талабларга жавоб бермаслигини тилга олмайди. “Ўзавтодор” давлат акциядорлик жамиятининг юзлаб турли мансабдаги мулозимларию оддий ишчилари талон-тарожликларда айбланиб, жавобгарликка тортилганини айтмайди.