10 December 2009
05:13 - Абдураҳим Пўлат: Ўзбекистонни эркин ва фаровон қилиш ўзимизнинг ишимиз, “Юзга юз минг!” кампаниясига қўшилинг!
Ғарбнинг, биринчи навбатда, АҚШнинг Марказий Осиёга кириб келаётганидан, улар олиб келаётган демократия шамолидан фойдаланиб, мамлакатимизда демократияни ривожлантириш ва халқни фаровонликка қовуштириш бизнинг, яъни демократик мухолифатнинг ишидир деб кўп ёзмоқдамиз ва гапирмоқдамиз. Айни замонда, ўзбек халқи демократия учун курашга тайёр эмаслиги, биз ўйлаётган жараёнларни оммавий шаклда қўллаб-қувватламаслиги, тўғрироғи, қувватлай олмаслигини ҳам унутмаслик керак. Аммо, бу дегани - халқнинг тайёр бўлишини кутиб туришга чақириш эмас, аксинча, халқни бунга тайёрлаш ҳам вазифамиз эканлигни эслатишдир.

Ўзбекистонда демократияни ривожлантириш ва фақатгина демократик шароитдагина бўлиши мумкин бўлган фаровонликка эришиш учун халқнинг, миллатнинг ёрдамига муҳтожмиз. Бугун ёрдамнинг энг самарали шакли – моддий ёрдамдир. Менинг таклифим билан “Юзга юз минг!” шиори остида бошлаган кампаниянинг мақсади - миллатимизни унинг келажаги учун олиб борилаётган курашга ёрдам беришга тортиш эканлигини очиқ айтмоқдамиз.

Бошлаган кампанимиз осон иш эмас.

Чунки, биз замонавий математика асосларини яратган Ал Хоразмий, дунёнинг иккинчи расадхонасини қурган Мирзо Улуғбек, Исломда энг катта ислоҳотлар қилган Ал Бухорий каби улуғларнинг авлоди эканлигимизни ҳам унутиб, Ғарб дунёси буғ билан ишлайдиган паровозлар яратиб, шаҳарлараро темир йўллари ишлата бошлаган пайтда ҳам рессорсиз Қўқон араваларидан нарига ўтолмаган, дунё электр энергиясидан фойдаланишга бошлаган пайтда шам ёқиб ҳаёт кечираверган халқмиз.

Сал кам эллик йил “Ассалом рус халқи буюк оғамиз” сўзлари билан бошланадиган гимн садолари остида яшаган халқмиз.

Биз бутун СССР митинглар билан яшаётган қата қуриш йилларида ҳам митинг сўзи ишлатишдан ҳам қўрқиб юрган халқмиз. Мен буни яхши билганим учун 1988 йилнинг октябрь ойида “Оролни қутқариш” комитетининг мажлисида “Кейинги мажлисимизни Ленинг майдонида (ҳозирги Мустақиллик майдонида) ўтказайлик” деганимда, ўша мажлисда қатнашган, КПССнинг Политбюро аъзоси, КПСС Марказкомининг котиби вазифасигача кўтарилган Нуриддин Муҳитдинов минабарга югуриб чиқиб, “Лекин майдонида мажлис бўладими, бу ёш фан доктори бизларни митингга чақирмоқда, ўзбеклар ҳеч қачон митингга чиқмаган ва чиқмайди, бу каби гапларни тўхтатайлик” деб ҳайқирганини кўп марта такрорладим ва такрорламоқдаман. Чунки, эслатмоқчиман, биз шундай халқмиз.

Лекин бу халқни майдонларга олиб чиқдик. Эй, ўзбеклар, сайтимизнинг “Тарихий фильм” бўлимидага “Можара” фильмини компютерингизга юклаб олиб тамоша қилинг. Ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш талаби билан ўтказган митингларимизга чиққан ва ўзбек миршаблари томонидан калтакланган ўзбек мўйсафидининг “Ўлимдан ҳам қўрмайман, аммо олдин тилимни олишни истайман” деган сўзларини эшитинг. Унинг сўзларидан кўзингизга ёш келмаса ҳам, ўзбекнинг тарихида ҳозир Ислом Карим қилаётган ишлар эмас, шу мўйсафиднинг сўзлари умрбод қолишини тушининг.

Айнан ўша кунлари, кейинчалик 53-54 лақабини олган хоин Салой Мадамининг “Митинг қилиш кўча чангитиш” дея ўша мўйсафидни ва умуман ўзбек миллатини ҳақорат қилганини кўрсатувчи кадрларни ҳам шу фильмда кўринг. “Қўшил бизнинг сафларга эй, майли кетса жон энди” дея миллатни майдонларга чорлаган Дадахон Ҳасандек ўзбек шоири ва хонандаси ўз чақириғини ҳам унутиб, митигни кўча чангтиш деб баҳолаган ўша сотқин Салой Мадамин кетидан чопишини кўринг. Ҳозир бу икки хоинни миллат қаҳрамони қилишга уринаётганларга қаранг. Ҳа, биз шундай миллатмиз.

Биз ўзбеклар, дунёни қўйиб туринг, Марказий Оиёда ҳам Ислом Карим раҳномалигида етакчи ролимизни йўқотиб бўлдик. Хитой, Хиндистон, Россия ва Қозоғистонда бойлар синфи шаклланмоқда. Улар яқинда Ўзбекистонни таг-туги билан сотиб олишга қодир бўладилар. Бизни бундан ҳеч қандай протекционизм усуллари қутқаролмайди. Ана ундан кейин фақат чет элларда эмас, Ўзбекистонда ҳам бошқаларнинг мардикори бўламиз.

Буларни яна бир бор эслатишимнинг сабаби - қандай аҳволдаги миллат эканлигимизни унутмасликка чақришдир. Ислом Карим кетади, худо хоҳласа, эски мавқемизни тиклаб оламиз деб ўзингизни алдаманг. Фараз қилинг, автомбиль пойгасида машинангиз нима сабабдандир тўхтаб қолди. Уни тузатишга катта вақт кетди. Энди бошқаларни қувиб етолмайсиз. Шундай қилиб тарих йўлларининг четига чиқиб қолган миллатлар кўп бўлган.

Нима қилиш керак? Машинамиз бузилиб, ҳаммадан орқада қолдикми, янги сифатдаги транспорт воситасига қўлга киритишни ўйлаш кеак. Масалан, анча вақт ўтса ҳам, учоқ қуринг ёки топинг, ана ўшанда бир неча соат ичида ҳаммадан ўзиб кетасиз.

“Юзга юз минг!” кампаниясининг моҳияти шундай воситалар яратиш йўли билан Ўзбекистонни олдинга олиб чиқиш. Қандай восита?

21 аср демократия асридир. Мамлакатларнинг узоқ муддатли ривожланиши демократиянинг ривожланиш даражаси билан белгиланади. Ҳақиқий демократия эса, халқ тарафидан озиқлантирилган, ҳаммадан мустақил, аммо фақат ва фақат халққа боғли бўлган партияларга асосланган жамиятдагина бўла олади.

Айнан шу сабабли, биз бирликчилар ҳаммдан мустақил бўлиб, фақат миллатга боғли бўлган, унинг ёрдами билан яшайдиган партияга айланиш учун ҳаракат бошладик. Миллат бизга ёрдам берисин ва бизни шу йўл билан бошқарсин. Ғарб демократияси шу ғояга асосланган.

“Юзга юз минг!” кампанияси орқали шу ғояни МДҲга олиб кирмоқчимиз. Чунки, МДҲ давлатларинг ҳеч бирида халққа таянган ҳақиқий кўп партиялик йўқ. Россия, Украина ва Қозоғистондаги партиялар ҳам ёки ҳукуматнинг ёки бир гуруҳ олигархларнинг чўнтак партияларидир. Улар билан демократияни олға суриб бўлмайди.

Ҳеч қандай табиий бойликлари бўлмаган Япония ва Жанубий Корея айнан демократик жамият қуриш воситаси билан дунёнинг энг кучли ва фаровон ўлкалари қаторига киришгани ҳам бизга ўрнак бўлиши керак.

“Юзга юз минг!” кампаниясининг мақсади халқдан ёрдам олиш системасини яратишдир. Бу тарихимизда бўлмаган янгилик, уни осонликча амалга ошириб бўлмайди. Бунинг устига, мамлакат ичида буни тушунтириш ва халқдан ёрдам олиш имкони ҳам йўқ.

Шу сабабли, ҳозирги босқичда юрт ташқарисидаги ўзбекларга, биринчи навбатда, бу масаланинг моҳиятини тушунишга қурби етадиган ўзбек зиёлиларига мурожаат қиламиз: “Юзга юз минг!” кампаниясига қўшилинг ва бизга қўлдан келгунча молиявий ёрдам беринг.

Бу кампания бошланган вақтдан кейин ўтган ярим йил ичида (апрель-октябрь ойлари), шу мақсадни кўзлаб очилган фондимизга 2 минг доллардан ортиқроқ ёрдам келгани, бу кулгили даражада оз бўлса ҳам, юқорида айтиб ўтилгандек, қандай аҳволдаги миллат эканлигимизни ҳисобга олсак, катта ғалаба эканини аввал ёзган эдим.

Шундан кейин ўтган бир ой ичида яна 600 долларлик ёрдам олдик. Булар: Нью-Йорк штатидан 100 долларлик MoneyGram воситасида жўнатилган пул ва 100 долларлик шахсий чек, Техас штатидан 200 долларлик шахсий чек ва Теннеси штатидан 200 долларлик нақд пул.

Бизга ёрдам берганларга миннатдорчилик билдириш билан бирга сайтимизга ҳар куни кирадиган мингдан ортиқ ўқувчиларимизга мурожаат қиламан. Аввал жоҳил Ислом уламолари, энди улардан ҳам баттар, на сиёсат на иқтисодни билмайдиган Ислом Карим қўли остида миллатимиз тарихнинг шоҳ йўлларидан четга чиқариб қўйилди. Халқимизни катта йўлларга қайтариб келиш бизнинг ва сизнинг вазифангиз. Келинг, бу вазифамизни биргаликда бажарайлик. Бизга моддий ёрдам беринг.

10 декабрь 2009 йил

Cайт маъмуриятидан: Бу кампанияга қўшилишни истаганлар учун қуйидаги маълумотларни эслатамиз.

1. АҚШ ва Канадада яшаётганлар ўз ёрдамларини «Uzbekistan Associates – Harakat» номига ёзилган шахсий чек, ёки «Money order» чеки воситасида ташкилотнинг қуйидаги адресига юборишлари мумкин:

Uzbekistan Associates – Harakat
7318 Fountain Spring Ct
Springfield, VA 22150

2. Европада яшаётганлар ўз ёрдамларини Швециянинг Swedbank банкида «Association Central Asia» ташкилоти номига очилган қуйидаги ҳисоб рақамига ўтказоладилар:

Association Central Asia
IBAN = SE18 8000 0821 4999 4259 1562
SWIFT/BIC = SWEDSESS

Швециянинг ўзида яшаб, Швед кронида пул ўтказиш истаганлар учун банк ҳисоби:

Association Central Asia
Clearingnummer 8214-9
Kontonummer 994 259 156 2