03 December 2009
03:33 -
“Оёғи осмондан келган ҳоким!” мақоласи ва “Ҳаракат” сайтининг муносабати
“Оёғи осмондан келган ҳоким!”
(Муаллиф - Улуғ Бек)
Кўпни кўрган бир донишманднинг айтишича, жарқўрғонликларнинг пешонаси шўр экан, чунки Норбой Шомуродов бу ерда узоқ муддат ҳокимлик қилди. У қадай одам эди? Айтаман деса - гап кўп, шунинг учун бир тафсилотни таъкидлаймиз: Норбой Шомуродовнинг қадамидан ер ёрилиб кетмаганига ҳозир ҳам ҳайрон қолишади - кибр–ҳаво шу даражада осмонда эди!
Бора-бора Жарқўрғон тумани Норбой Шомуродовга торлик қилиб қолди - ўзини вилоят ҳокимлигига тайёрлай бошлади. Халқ орасида эса ўтда куймас, сувга чўкмас, деган таасуротлар барқарорлашди. Чунки Жарқўрғонда Конституция ҳам, қонун ҳам, прокурор ҳам, суд ҳам, солиқчи ҳам... Норбой Шомуродов жаноблариниг ўзлари эди-да. Бунинг учун эса ҳоким атрофига ўзига хос ва ўзига мос амалдорлар лашкарини тўплади.
Туман ҳокимлигининг ҳуқуқшуноси Рустам Алламуродовни Норбой Шомуродов ўғлидан ҳам яхши кўрар, шунинг учун унинг чизган чизиғидан чиқмас, қаттиқроқ йўталмоқчи бўлса ҳам Рустамбойдан маслаҳат сўрарди. Шунинг учун Рустамбой Жарқўрғонда барча муаммоларни ҳал қиладиган қудратли шахсга айланди: қандай муаммо бўлса, аввало “Рустамнинг фикри қандай?”деган олатаёқ йўлга кўндаланг бўлар эди. Масалан, бир кишига томорқа керак: беш-олти миллион сўм учун ўша ҳожатманд билан савдолашиб ўтирмайди-ку! Рустамбой эса бундай ишларнинг шамини ёқади - ҳозир бир сотих ернинг нархи икки миллион сўмга чиқиб кетган, майли, сиз шунинг ярмини беринг, бу менинг сизга ёрдамим бўлади, дейди. Шундан сўнг барча ҳужжатлар ўз-ўзидан, яъни ҳеч қандай “мумкин эмас-ку!” деган саволларсиз тайёр бўлади, ҳоким ҳам қарорга қарамасдан қўл қўяди!
Табиийки, бундай иқлимда қонунларни пеш қилиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилган бечораларнинг шўри қурийди.
Пичоқ суякка бориб етгандан сўнг уч хотин “Рустам Алламуродов ким?”деган савол билан Адлия идорасига мурожаат қилди. Маълум бўлишича, Рустамбой қўлидаги 0874-рақамли дипломни 1999 йили Қозоғистондаги аллақандай хусусий олийгоҳдан олган, аммо бу ҳужжат Ўзбекистонда қайд этилмаган экан. Шунинг учун вилоят Адлия бошқармасининг бошлиғи А.Тошқулов 2007 йил 12 сентябр куни Жарқўрғон туман ҳокими Норбой Шомуродовга Рустамбойни зудлик билан ҳуқуқшунос вазифасини бажарувчи лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги 366/3-15 рақамли тақдимнома киритди. Табиийки, Норбой Шомуродов Адлия бошқармасининг бу тақдимномасини бир тийинга олмади. Шунинг учун Рустамбойнинг фаолият кўлами янада кенгайиб кетди.
Аммо, ҳатто асалнинг ҳам кўпи кўнгилга ургани сингари Норбой Шомуродов учун туман ҳокими бўлиш зерикарли машғулотга айланиб қолди: Рустамбой ишни қилади, Норбой Шомуродов эса қарамасдан қўл қўяди - шуям ҳаётми! Бундай пайтда ҳатто пул тўплашга бўлган майл ҳам сусайиб кетаркан.
Шунинг учун Жарқўрғон туманининг ҳавосидан нафас олиб бўлмай қолди ва ҳоким... ҳокимик вазифасидан озод қилишларини сўраб, ўз хохиш-иродаси билан ариза ёзди. Ана шунда Рустамбой Норбой акасига хиёнат қилди — ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзмади. Чунки у Жарқўрғонни узил-кесил вайрон қилишга улгурмаган эди. “Мен Жарқўрғон халқининг охирги томчисигача қонини ичиб тугатмагунча ишдан кетмайман, устоз!” деди у Норбой Шомуродовга.
Шундан сўнг вилоят прокуратураси собиқ ҳокимнинг Рустамбойи раҳбарлигида қилган чатоқликларини ўрганган эди, айблаш фикри бир юз эллик саҳифа бўлди: қойил!
2008 йил 24 июл куни Жарқўрғонга Барот Абдурахмонович Ҳайитов ҳоким бўлиб келди ва Рустамбойни мерос сифатида қабул қилиб олди. Ҳоким илгари Жарқўрғонда бир кун ҳам ишламаганлиги учун кимнинг қандайлиги у ёқда турсин, ҳатто туманнинг харитасини ҳам билмас эди.
Энг муҳими, Барот Ҳайитовнинг мўйлови бор эди. Мўйловли одам ўйловли бўлади, деган қанотли иборага ишониладиган бўлса... йўқ, Барот Абдураҳмонович мўйловни хўжакўрсинга қўйиб юрган экан - Жарқўрғон дарёси Рустамбой айтган ўзандан оқишда давом этаверди. Бу мавзудаги тафсилотлар, ҳангомалар шу даражада кўпки, уларниг саноғидан адашиб кетасиз. Шунинг учун бу чатоқликларнинг биттасини айтамиз, қолганларини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг.
Шу йил ғалла ўрими пайти “Ҳокимнинг ҳақи” деб ҳар бир фермер хўжалигидан бир машинадан буғдой тўплади. Яъни ҳар бир фермер қабул пунктига бир машинадан ҳужжатсиз буғдой топширди.
Албатта, ўзингиз ҳам билиб турганингиздек бу тадбирнинг бошида ҳамишагидек Рустамбой турди. “Ҳокимнинг ҳақи” икки минг тоннадан ошди. Бу буғдой 30000 қоп ун бўлади. Беш юз тонна кепак “тегирмон ҳақи”га кетган тақдирда ҳам “ҳокимнинг ҳақи” бир миллиарддан ошади (сўмда албатта!). Айтинг, шундан кейин ҳам Рустамбойни кафтга эмас, бошга кўтармаслик мумкинми! Шунинг учун ҳоким мерос қилиб олган ҳуқуқшуносига: “Ота бошқа, она бошқа туғишган ака-укамиз!” деб қасам ичди.
Келинг бу “ака-ука”нинг ҳаморликда қилган яна битта чатоқликларидан яна битта айтайин: 33-ўрта мактаб учун янги иморат қуриладиган бўлди. Эски мактаб бузилиб, 50 000 000 сўмга нархланди-да, муаллимларга иш ҳақи сифатида бўлиб берилди. Иш ҳақи учун банкдан чиққан 50 000 000 сўм эса “Акажоним, қайдасиз!”деб Рустамбойнинг ҳузурига равона бўлди. Рустамбой ҳам “Биз шу ердамиз!”деб унга пешвоз чиқди.
Бу чатоқликлар ҳақида туман ҳокимига, туман прокурорига ваколатли мутахассислар расмий маълумотномалар киритди, аммо ҳокимнинг ҳам, прокурорнинг ҳам дами чиқмади.
Энди мана бу ҳангомани эшитинг: вилоят Адия бошқармасига Рустам Алламуродовнинг Ўзбекистонда рўйхатга олинмаган дипломи хусусида арз қилган уч нафар тадбиркор аёл “Рустам Алламуродовни ишдан олиш тўғрисидаги Адлия бошқармасининг тақдимномасини Жарқўрғон туман ҳокими уч йилдан бери бажармаяпти” деб, фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судига берди. Суд раиси Давлат Тўраев: “Хизматчилик экан-да, укабой, энди шундай бўлиб қолди, вақт топиб олдимга бир боринг” деб Рустамбойга икки марта йўлиқди. Рустамбой бойлигини қилди, билимдон, компьютерда ҳатто отини ҳам ёзолмайдиган Давлат Тўраевдай одамга: “Билганингизни қилинг!” деди.
Давлат Тўраев билганини қилди — 2009 йил 22 июл куни Ўзбекистон Республикаси номидан “Жарқўрғон ҳокимлиги зиммасига туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган Алламуродов Рустам Шералиевични ўз вазифасидан озод қилиш юклатилсин” деган қарорни имзолади. Қайта кўриш учун мурожаат муддати ўтгач, бу қарор даъвогарларга ва Жарқўрғон туман ҳокими, ўзининг чатоқликлари билан сизга ҳам қадрдон бўлиб қолган мўйловли... Барот Ҳайитовга лутфан тақдим этилди. “Чепуха” деди мўйловли оғайнимиз.
Менимча, Ўзбекистон Республикаси қонунларининг кўзига чўп суқиб яшаш Рустамбойга маънавий ва моддий нуқтаи–назардан ҳузур бағишласа керак - шундай ҳаракатлардан роҳатланадиганлар ҳам бўлади-ку ахир.
Рустамбой суднинг қарорига эътироз билдирмагани билан ҳалиги уч аёлни 8 сентябр куни судга берди. Қўрғонова Зиёдадан 15 000 000 000 000 сўм, Қодирова Кароматдан 14 000 000 000 000 сўм, Чориева Насибадан 2 000 000 000 000 сўм маънавий зарарни ундириб беришни сўради. Агар суд Рустамбойнинг бу даъвосини қаноатлантирса, Олег Дерепаска билан Роман Абрамович унинг эшигидаги хизматкорига айланади. Айримларнинг айтишича, суд раиси Давлат Тўраев бу фуқаролик ишини куннинг иккинчи ярмида кўрса, даъвони тўлиқ қаноатлантириб юбориши ҳам мумкин экан, чунки куннинг шу даврида қози қип-қизил маст бўлади.
Воқеанинг энг каттаси 28 сентябр куни содир бўлди: Бош вазир Жарқўрғонга келиб туман ижтимоий-иқтисодий ишларнинг аҳволи билан танишгач, Барот Ҳайитовни ҳам туман ҳокимлиги вазифасидан олиб ташлади. Туман прокурори билан миршаббоши ҳам ҳокимнинг изидан кетди. Ҳокиминг оёғи осмондан келганини эшитган халқ: “И-е, ҳақиқат бор экан-ку!” деди ва ҳар ким иложи етганча бу воқеани байрам қилди.
Сўнг “ҳокимнинг ҳақи” – икки минг тонна буғдойга энди ким эгалик қилади? Энди Барот Ҳайитовга бу буғдойнинг бир халтаси ҳам тегмайди. Орадан бир неча кеча-кундуз ўтказиб Барот Абдураҳмонович йўлини қилди ва ишга чиқди. Шу муносабат билан Рустамбой ҳокимниг оёғи остига бир қизил хўроз сўйди — ҳамма бало шунга урсин, деди. Ҳокимнинг кўнгли ёришиб: “Раҳмат, ука!”деди.
Бундай муваффақиятдан ҳаволанган ҳоким ўзини кўрсатиб қўймоқ учун шитоб билан ишга киришди: пахта териш суръатларини оширмоқ учун қўллари билан оёқларини ишга солди - бир томонлама муштлашув саҳналарига ҳатто одамлар кўникиб ҳам қолдилар. Ҳокимни туш кўрган мактаб ўқувчилари ҳам кўрпасини ҳўл қилиб қўяверди. Аммо Жарқўрғонда ҳокимнинг муштини мукофот деб билмайдиганлар ҳам бор экан - бир суд ижрочиси ҳуши ўзига келгандан сўнг ҳам касалхонадан чиқмади - иш терговга бориб етди.
Ҳоким бошини минг тошга урмасин, ижрочи забт этиб бўлмас қўрғонга айланди. Шунинг учун Барот Ҳайитов бундан икки ҳафта илгари Жарқўрғон билан хуфиёна хайрлашди. Менимча, у генерал Чернотага ўхшаб ичида “Шаҳрингга ўт тушсин!” деган бўлса ажаб эмас: оёғи осмондан келган одам бундан ҳам ёмонроқ сўзларни айтишганини тарихларда биламиз, энди унинг гапини ҳеч ким эшитмайди. Чунки энди у йўқ одам!
“Ҳаракат” таҳририётидан: Сўз эркинлиги йўқ бўлган ўзбек жамиятида кўпроқ ижодкорлар, журналистларга қийин. Уларнинг мақолалари матбуот юзини кўрмас, фикрлари жўяли-содда эканидан қатъий назар жамоатчиликка етиб бормас экан, аввало унинг ўзи ижодкор сифатида ўла боради. Ана шундай тушкун бир кайфиятда маҳаллий матбуотда мақоласини чиқара олмаган маҳаллий журналист таҳририятимизга мурожаат қиларкан, узоқ Сурхондарёнинг Жарқўрғон музофоти дардини қаламга олганини таъкидлаган. Баҳоли қудрат қоралаган хабарнамо лавҳасини чоп этишимизни сўраган. Мақола маҳаллий доираларда русумга кирган коррупция ва қонунбузарлик фактларини очишда ўзига хос манба бўлгани учун ҳам уни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
Қолаверса, “Ҳаракат” саҳифалари ҳар қандай фикр, мулоҳаза ва мунозара учун очиқ. Марҳамат, бу минбардан фойдаланинг.