03 December 2009
02:14 - Режим хизматкорларининг ўнг қўли нима қилаётганини чап қўли билмайди чоғи
Бугун Press-uz.info нашри фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхоновнинг фиригарликда айбланаётгани ҳақида мақола чоп этди. Аъзам Тешаев тахаллуси остида берилган мазкур фелеътонда ҳуқуқ ҳимоячисининг таъмагирлиги, кишиларни алдаб, пул ундириши ҳақидаги далиллар ўртага ташланади. Унинг Рўзмат Усмонов исмли шахсдан 500 минг сўмни алдов йўли билан қўлга киритгани ҳамда прокуратура томонидан қўлга олингани таъкидланади.

Афтидан мақола бирмунча аввал ёзилган ва таҳририят ғаладонида қолиб кетган. Чунки мақолада тилга олинган воқеалар аллақачон ўтиб, Ғанихон Маматхонов мақолада ҳам факт сифатида келтирилган сохта айбномалар асосида, жиноят ишлари бўйича Охунбобоев тумани суди томонидан 5 йилга озодликдан маҳрум этилган ҳам. Ҳукуматнинг ҳуқуқ ҳимоячиларини бадном қилишга бел боғлаган шоввозлари шунчалик нўноқки, ҳатто ўз ҳамкасблари, яъни Охунбобоев тумани терговчилари ва судьялари бу борада отни қамчилаб қолишганини ҳам билишмайди.

Айни замонда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, дейди мухбиримиз, ҳозир режим хизматкорлари ҳуқуқ ҳимоячиларга қарши “ов” эълон қилишгани кўриниб турар экан, ҳуқуқ ҳимоячилари осонликча провокацион тўрларга тушмаслик учун янада эҳтиёткорлик билан фаолият олиб боришлари зарур.