27 November 2009
01:40 - Кимнинг уйида қурол бор?
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлимлари томонидан муқаддам овчилик, қўриқчилик, ҳарбий лавозимларда ишлаган, шу соҳа бўйича таълим берган шахсларнинг уйлари тинтув қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Парламентига сайловлар арафасида кўрилаётган хавфсизлик чоралари доирасида амалга оширилаётган мазкур тинтувлардан мақсад ноқонуний ўқотар қуроллар, аслаҳалар ҳамда жанговар патронларни қўлга киритишдир. Бу ҳақда маҳаллий телеканалларда айрим кўрсатувлар ҳам намойиш этилмоқда.

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи педагог (мактабда ҳарбий таълимдан сабоқ берган) Маҳмуд ака Содиқовнинг уйида ўтказилган (ордерсиз) тинтувда ҳам вилоят ИИВ терроризмга қарши кураш бўлимининг Султонали Олимжонов бошчилигидаги ходимлари иштирок этишди. Сирдарё вилояти ИИБ терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Мусо Ражабовнинг топшириғи билан келган миршаблар педагогнинг уйидан бирор нарса тополмагач, ундан “Бирлик”нинг маҳаллий лидери Исроил Ризога қарши маълумотлар беришни талаб қилишди. Мазкур ҳолат бўйича “Эзгулик” жамияти вакиллари суриштирувлар олиб боришмоқда.