01 November 2009
19:40 - Афғонистондаги президент сайловининг иккинчи тури альтернативсиз бўлади
7 ноябрга тайинланган иккинчи тур сайловида жорийдаги президент Ҳамид Карзай билан унинг ҳукуматида бир вақтлар Ташқи ишлар вазири бўиб ишлаган, аммо ҳозир Карзайга мухолиф бўлиб қолган Абдулло Абдуллоҳ иштирок этиши керак эди. Айнан шу икки киши 20 августдаги биринчи турда биринчи ва иккинчи ўринни олишган. Аввалига Ҳамида Карзай 55 фоиз, Абдуддо Абдуллоҳ эса 30 фоиздан бироз кўпроқ овоз олгани эълон қилинган. Аммо жуда кўп жойларда сайлов натижалари Карзай фойдасига сохталаштиргани ҳақида маълумотлар келавергач, натижалар қайта кўриб чиқилди ва иккинчи тур сайлови белгиланди.

Иккинчи тур сайловининг ўтказилиши Афғонистонда янги тузиладиган ҳукуматнинг легитимлигини оширишга ва мамлакатни барқарорлаштиришга хизмат қилиши кутиларди.

Аммо бугун Абдулло Абдуллоҳ сайловда иштирок этишдан воз кечганини билдирди, дейилади Reuters агентлигининг хабарида. Мустақил Сайлов Комиссиясининг раиси Довуд Али Нажафи якка номзод иштирокида сайлов ўтказиш Афғонистон Конституцияси ва қонунларига қарши эмаслигини урғулаб, иккинчи тур сайлови бир номзод билан ўтказилишини билдирди.

Мухбиримизнинг фикрича, Абдуддо Абдуллоҳ чиройли бўлмаган ўйин қилмоқда. Ҳамид Карзайнинг обрўси қанчалик паст бўлмасин, Абдулло Абдуллоҳники ундан баланд эмас. Бу кўз доктори биронта муҳим ғоя ва режа ўртага отгани, биронта йирик ишни қойиллатгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Шу сабабли, у сайловни ютқазишига шубҳа йўқ. Аммо, иккинчи тур айнан унинг талаблари ва бақирқ-чақириқлари таъсири остида ҳам тайинланганди.

У иккинчи турдан воз кечишининг сабаби қилиб сайловни адолатли қилиб ўтказиш бўйича таклифлари қабул қилинмаганини кўрсатмоқда. Бу ишонарли эмас.