12 October 2009
10:00 - Россиядаги маҳаллий сайловлардан ҳатто коммунистлар норози
Кеча Россиянинг 83 ўлкасидан 76 тасида маҳаллий сайловлар бўлиб ўтди. 30 миллион сайловчи маҳаллий Думалар ва шаҳар мэрларини сайлаши керак эди. Сайлашди ҳам. “Бирлашган Россия” партиясининг раиси Борис Гризлов ўз партияси сайловларда ғолиб чиққанини эълон қилиб ҳам бўлди. Унинг баёноти экзит-пол натижаларига асосланган.

Экспертларнинг фикрича, “Бирлашган Россия” ҳамма ерда ҳукмронлигини давом эттиради. У билан бирга маҳаллий Думаларга - жойига қараб – ёки Коммунистик партия ёки Либерал-демократик партия ёки Адолатли Россия партияларининг вакиллари киришади. Баъзи жойларда бу партияларнинг иккитаси ёки уччаласи ҳам маҳаллий Думага кириши мумкин.

Мухолифатдан фақатгина “Яблоко” партиясининг вакиллари номзодлар рўйхатига киритилган эди. Лекин, улар ҳеч бир ерда 6 фоизлик тўсиқни ошишмаса керак. Масалан, 35 жойидан 17 таси қайта сайланаётган Москва Давлат Думаси сайловида бу партия 5 фоиз овоз олиши кутилмоқда.

Президент Дмитрий Медведев бундан икки ой аввал Россияда демократик давр бошланганини айтиб, Кремль томонидан қўллаб-қувватланаётган “Бирлашган Россия” партиясининг монополиясини бузишга ваъда берганди, дейди Reuters агентлигининг мухбири. Аммо унинг ваъдаси ерда қолди.

Ҳатто Коммунистик партиянинг вакили Сергей Обиков ҳам “Биз чиройли гапларни кўп эшитдик, аммо реаллик бутунлай бошқача” дебди. Экзит-пол ўтказган “Голос” ташкилотининг раҳбари Лилия Шибанова шундай дейди: “Медведев биз рақабот бўлишини, кўп-партиялик система яратилишини истаймиз дейди, аммо сайлов бунинг том тескарисини кўрсатмоқда”.

Марказий Сайлов Комиссиясининг раиси Владимир Чуров мухолифат вакилларининг эътирозларини “қабул қилиб бўлмайдиган истерика” деб баҳолаганидан ҳам билса бўладики, мавжуд ҳокимият вакилларининг ғалабаси МСК тарафидан сўзсиз тасдиқланади.

Хуллас, бу маҳаллий сайловлар ҳам Россияда ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Чунки, мавжуд ҳокимият демократия истамайди, мухолифат эса кучсиз ва бирлашмаган. Ҳамма мухолифатчилар бирлашиш ҳақида гапиради, аммо амалда ҳеч нарса қилинмайди. Худди Ўзбекистонда каби. Лекин Ўзбекистонда “Бирлик” Партияси ҳаммани “Бирлик”да бирлаштириш учун амалий иш олиб бормоқда. Россияда бу ҳам йўқ.