10 October 2009
01:40 - Ниҳоят, “Бирлик”нинг таклифлари амалда, ҳукумат меҳнат мигрантларининг аҳволи билан яқиндан шуғулланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, агентлик раҳбари Ғайрат Усмонов бошчилигидаги мамлакатимиз ҳайъати Россия Федерациясининг Сибир округи амалдорлари билан сўзлашиб, уларнинг эътиборини мигрантларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борадаги аҳволни яхшилашга қаратибди. Мазкур округга кирувчи Новосибирск, Томск, Омск ва Кемерево вилоятлари маъмурлари билан сўзлашиб, миграция борасида шартномалар имзолабди.

“Учрашувлар натижасига кўра, томонлар келажакда миграция масалаларида ҳамкорлик қилиш, шу йилнинг июнида кучга кирган Росия Федерацияси ва Ўзбекистон ҳукуматлараро келишуви бу борада дастуриламал бўлишига келишилди”, дейилади хабарномада.

Ўзбекистон ҳукумати кечикиб бўлса ҳам бу каби ишларни бошлагани мақтовга сазовор, дейди мухбиримиз. Ҳолбуки, “Бирлик” 2003 йилдаги қурултойида махсус резолюция қабул қилиб, ҳукуматнинг ҳам эътиборини бу масалага қаратишга интилганди. Ўтган йили президент Ислом Каримга мактуб йўллаган “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат юрт ташқарисида ватандошларимизнинг муаммолари билан шуғулланадиган вазирлик тузиш ва Пўлат Охунни вазир этиб тайёрлаш таклифи киритгани ҳам кўпчиликка маълум.