06 October 2009
20:41 - Франция президенти Николя Саркози Қозоғистонда
Бугун эрталаб Николя Саркози Останага келди. У аввал Қозоғистон президенти билан учрашди. Кейин улар биргаликда Остонада ўтаётган Қозоғистон-Франция бизнес-форумига ҳам ташриф буюришди.

Қозоқ ахборот агентликларининг қисқа хабарларидан ҳам кўринб турибдики, Франция президентининг бир кунлик ташрифи шунчаки саёҳат эмас, балки, Қозоғистон билан алоқаларни интенсивлаштириш, уларни юқори даражага олиб чиқишдир. Икки президент Франция капиталининг Қозоғистонда янги нефть қувурлари қуришда иштирокидан тортиб, Афғонистондаги аҳволни муҳокама қилишгача бўлган кенг спекторда музокаралар олиб боришган.

Икки президентнинг иштирокида бир қатор икки тарафлама шартномалар имзоланган, “Саркози-Назарбоев” комиссияси тузишга қарор қилинган, Саркози Останада ЕХҲТ саммитини ўтказиш фикрини қўллаб-қувватлаган, Қозоғистон Франциянинг Афғонистонга юборилаётган ҳарбий жиҳозлари ва аскарларини ўз ҳудудлари орқали ўтказишга рухсат берган, икки мамлакат биргаликда Қозоғистон учун сунъий ер йўлдоши яратиш устида ишлашга келишишган ва ҳоказолар.

Франция президентининг Қозоғистонга ташрифи бу мамлакатнинг халқаро миқёсдаги обрўсини янада кўтарди, Нурсултон Назарбой дунё миқёсидаги сиёсий арбобга айланиб бораётганини тасдиқлади.

Қозоғистон билан солиштириб, Ўзбекистоннинг қандай аянчли аҳволга тушиб бораётганини яна ҳам яққолроқ кўриш мумкин. Ислом Каримнинг уқувсиз сиёсати натижасида мамлакатимиз ҳамма тарихий позицияларини йўқотмоқда.