03 October 2009
01:35 - Султон суягини хорламас: порахўр судьялар жазодан озод қилинди
Шу йилнинг 20 майидаги хабаримизда фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари Ш. Баева Учтепа судида мажлис ўтказиб, Президент Фармони билан бирданига мазкур суднинг беш нафар судьяси лавозимидан бўшатилганини эълон қилгани, сўнгра уларга нисбатан порахўрлик ва мансаб суиистеъмоллиги айби билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилгандик.

Ҳозир маълум бўлишича, бу 5 киши - Учтепа фуқаролик суди раиси А. Усмонов, судьялар Н. Бабатаева, З. Аширова, Н. Ахмедова, Ф. Рамазонова - 30 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан амнистия акти билан жазодан озод қилинган. Яъни, уларнинг айбдорлик масаласи ҳал қилинмай туриб, иш ҳаракатдан тўхтатилган.

Бирорта ҳуқуқ ҳимоячиси ёки сиёсий мухолифат вакилига тегмаган мурувват режимнинг судьяларини жазодан озод қилди. Бу билан ҳукумат ўзининг “адолат” қиёфасини яна бир бор намоён этди, дейди мухбиримиз.