11 September 2009
01:11 - Ўзбеклар Россияда фақат жиноят қурбони бўлмаяпти, жиноят ҳам қилмоқда
Рус оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган бир қатор жиноятлар ҳақида маълумотлар тарқатилмоқда.

Масалан, Пенза Информацион Портали номли сайт (www.pnz.ru) Пенза шаҳри, вилояти ва Волгабўйи Федерал Округининг турли жойларида қалбаки пул ишлатиб, кейин Самара вилоятининг Сизрань шаҳрида қўлга тушган 5 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳақида ёзади.

Ўзбеклар йирик қалбаки пул банкнотлари билан қўлга тушишган, жиноят иши очилган. Пенза вилояти Ички ишлар бошқармаси Иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлимининг вакили Александр Пурисов одамларга мурожаат қилиб, бу жиноятчилар ҳақида билагн маълумотларини милицияга етказишни сўраган, чакана сотувчиларни мижозлардан пул олишда эҳтиёт бўлишга чақирган. Маълумот бериш учун телефон рақамлари кўрсатилган.

Бошқа мисол. «Росбалт» (www.rosbalt.ru) агантлигининг Москва Жиноий Қидирув Бошқармасига асосланиб хабар беришича, 16 ёшли қизга ҳужум қилиб, уни калтаклаган ва кейин зўрлаган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Маълум бўлишича, 39 ёшли бу ўзбек бундан аввал Чапаев кўчасида 51 ёшли бир аёлни (2008 йил 9 октябрь) ва Куусинен кўчасида 34 ёшли аёлни (2008 йил 29 октябрь) ҳам тунган ва зўрлаган экан. Аёлларнинг биринчиси ўлдирилган. Агентлик ўзбекга нисбатан “маньяк-ўзбек” иборасини ишлатган.

Ленинград вилоятининг Ломоносов туманида, дейилади www.gazeta.spb.ru сайтининг хабарида, ўзбек меҳнат мухожири ўзи билан жинсий алоқага киришни истамаган аёлнинг қорнига темир таёқ санчиб, қочиб кетган. 39 ёшли ўзбек шу аёлнинг уйида квартирада яшар экан. Ҳозир у ҳибсга олинган.

54 ёшли бу аёлнинг ўзи ҳам фаришта эмас. У ўзининг ўғли билан ароқ ичиб ўтирган пайтда жанжаллашиб қолибди ва уни бошига беш марта болға билан уриб ўлдирибди.