10 September 2009
14:45 - Дмитрий Медведев: Вой-дод, Россияни қутқаринг!
Бугун Россия президенти Дмитрий Медведев асл номи “Олға, Россия!” бўлса ҳам, моҳиятан сарлавҳада каби “Вой-дод, Россияни қутқаринг!” деб аталса бўладиган чақириқ эълон қилди.

Чақириқдан мақсад – президентнинг тахминан бир ойчадан кейин Давлат Думаси минбаридан туриб халққа мурожаат қилишдан олдин, оддий одамларнинг фикрини йиғиш эмиш. Ният олийжаноб, аммо, кун сайин демократиядан узоқлашиб, диктатура мустаҳкамланаётган мамлакатнинг президенти бу каби чақириқ билан чиқиши иккиюзламачиликка ўхшаб кетади.

Президентининг “Росиияни қутқаришга” чақириғи – мамлакат олдидаги қуйидаги реал муаммолардан келиб чиққан.

Биринчидан, дейди Дмитрий Медведев, Россияни ҳомашёга боғлиқликдан қутқариш керак. Ҳозирги иқтисодий кризис ҳам кўрсатмоқдаки, хомашё сотишга асосланган иқтисод самарасиздир.

Бошқа бир муаммо – демографик. Биринчи навбатда оммавий алкоголизм туфайли Россиянинг аҳолиси камайиб бормоқда. БМТнинг прогнозларига кўра, 2050 йилга келиб, Ҳиндистоннинг аҳолиси 1,7 миллиардга етса, Россиянинг аҳолиси 100 миллиондан ҳам пастга тушади.

Кейинги муаммо – ҳалигача мустаҳкамланишга улгурмаган демократия. Бу муаммо жуда тўғри белгиланган, аммо, демократияни ривожлантирмаётган, унинг мустаҳкамланишига йўл бермаётган ким? Путин ва Медведев тандеми. Демак, демократиянинг мустаҳкамланиши учун Путин ва Медведев сиёсатларини радикал ўзгартиришлари ёки сиёсатдан кетишлари керак.

Бошқа бир муаммо – Кавказдаги беқарорлик. Хўш, унинг сабаби нима? Россиянинг неоколониализм сиёсатидан воз кечишни истамаслиги.

Кўриниб турибдики, бу муаммоларнинг ҳаммасини ечими демократияни ривожлантиришда. Лекин, Путин-Медведев буни исташмайдику. Шу сабабли, баралла айтиш мумкинки, Дмитрий Медведевнинг чақириғи ёки кўзбўямачилик ёки иккиюзламачликдир.