17 August 2009
22:46 - Абдурашид Дўстим: Ҳамид Карзайни биринчи турдаёқ ғолиб қилишимиз керак
Бир йилча Туркияда сургунда бўлиб, кеча Афғонистонга қайтиб келган Абдурашид Дўстим бугун бу мамлакатда ўзбекларнинг қалъаси бўлмиш Шибирғон шаҳрида ўтказилган митингда иштирок этди ва ҳаммани 20 август куни Ҳамид Карзай учун овоз беришга чақирди. Reuters агентлигининг хабарига кўра, дари, пушту, ўзбек ва туркман тилларида халққа мурожаат қилган ўзбек генарели хусусан шундай деди: “Биз ишни иккинчи турга қолдирмасдан Ҳамид Карзайни президент қилишимиз керак. Ўша куни Оллоҳ Афғон халқига ёрдам беради. Биз келажакка Ҳамид Карзай билан юришимиз керак”.

Афтидан, Ҳамид Карзай билан Абдурашид Дўстим ҳамкорлик қилишга келишишган ва сайловдан кейин, табиий, Ҳамид Карзай ғолиб чиқса, бунга эса шубҳа йўқ, ўзбекларнинг лидери янги ҳокимиятда катта лавозимга эга бўлади. Бундай натижа ўзбекларнинг фойдасига бўлади. Лекин, бундай ҳамкорлик қанча давом этади?

Абдурашид Дўстимнинг сайловдан икки кун олдин пайдо бўлиши ва ўзини тамомийла Ҳамид Карзайнинг тарафдори каби тутиши – воқеаларга эҳтиётлик билан ёндошишни талаб қилади, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири. Ўзбек генрали бир неча марта сиёсий етук бўлмаган қадамлар қилган ва натижада иккинчи марта Туркияга қочиб кетишга мажбур бўлганди. Унинг ҳозирги сайлов олди баёнотлари тўғри ҳисоб-китоб натижасими ёки шошма-шошарлик билан қилинаётган қадамми, буни келажак кўрсатади. Лекин, учинчи хато ўзбеклар учун катта зарба бўлиши мумкин.

Бир нарса аниқ. Абдурашид Дўстим яхши сиёсий маслаҳатчиларга муҳтож. У бундай маслаҳатчини фақат Ўзбекистондан, тўғрироғи, мухолифатнинг асисий кучи бўлмиш “Бирлик”дан топиши мумкин.