04 April 2023
02:10 - Гулноз Мўминова: АЙТИБ БЎЛМАЙДИГАН ҚЎШИҚ
Ҳурсан дерлар – хўрлашар сени,
Гулсан дерлар, зўрлашар сени,
Кўнмоққа мажбурлашар сени,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Шамол фурсат саросар бўлар,
Қисмат ғарми – отинг ғар бўлар,
Гувоҳларинг кўру кар бўлар,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Тоғда алқор, чўлда янтоқ бўл,
Кутиб ўтсин умринг, муштоқ бўл,
Гала бўлма, якка бўл, тоқ бўл,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Тож Маҳал ҳам бир шоҳ риёси,
Дунёда йўқ гарчи қиёси,
То кибрнинг йўқдир давоси,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Сўз айтмоққа куч топ Дунёга,
Тош алишма меҳригиёга,
Алданма кўп оҳангжамога,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Чиқ ёдлардан - рўё бўл, туш бўл,
Кўкларга уч, гирён оққуш бўл,
Кабутар бўл, бор-ей, бойқуш бўл,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Сувга тушсанг, сувга лойиқ бўл,
Сол, елкан ё сарбаст қайиқ бўл,
Сув қизи бўл, илонбалиқ бўл,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Ғурурингни пайҳон этгайлар,
Ўзлигингни яксон этгайлар
Бир кун мендек пушмон этгайлар
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

11.03.2020

Гулноз Мўминованинг таҳлили: Ўзбекистонда фақат етимхонадаги қизлар эмас, аёл журналистлар ҳам таъқиб, шантаж қилиниб келинади. Бир сўз билан айтганда… Аёл бўлиб туғилма Шарқда (Ўзбекистонда)

“Ҳаракат”: Ҳурматли Гулноз Мўминова, ажойиб шеърингиз учун раҳмат. Аммо, хато ҳам қилгансиз, аслида, “Аёл бўлиб туғилма Шарқда” эмас, “Аёл бўлиб туғилма Ислом дунёсида” деб айтишингиз керак эди. Чунки, Ислом дунёсидаги “гўёки ҳақиқий мусулмонлар” севимли аёлларимизни одам ҳисблашмайди.

Масалан, яқингача Эронда ҳижобсиз кўчага чиққан аёлларни тошбўрон қилишар эди. Афғонистонни ҳайвонпараст ислом террорчилари босиб олгач, қизларга фақат 4 синфгача ўқишга рухсат бериб, ундан юқори синфларда боришни тақиқлашди. Аёллар олий ўқув юртларига ҳам боришга, давлат ишларида ишлашга ҳам ҳақлари йўқ эди. Гўёки президентимиз Шавкат Мирзиё шу сабабли ислом террористларини яхши кўради, Толибонга ёрдам бериш билан машғул.

Агар Ўзбекистондаги “гўёки ҳақиқий мусулмонларга” йўл берилса, улар аёлларнинг бирдан бир иши – “эри остида ётиш ва боласини эмизиш” деб эълон қилардилар ва бундай қилиш Оллоҳнинг амри деб гапиришга бошлардилар.

Нима, ягона Худо, биз уни “Оллоҳ” деймиз, ўзи яратган икки диннинг(иудаизм ва христианизмнинг) бандаларини ва “гўёки” эмас, ҳақиқий мусулмонларни, яъни дунёвийлик/секуляризм тамойилларини тан олувчи мусулмонларни йўқ қилиш ҳақидаги буйруқни “гўёки ҳақиқий мусулмонларга”, яъни ислом террорчиларига берибдими? Бўлиши мумкин эмас.

Ҳақиқий Исломни ўлдираётганлар ўша “гўёки ҳақиқий мусулмонлар”дир. Унутмайликки, ўшалар сабабли ҳозир Ислом дунёси қолоқлик ва қашшоқлик гирдобидадир. Ўзбек миллатини эса, тўҳамбалар ўлдиришмоқда.

Эслатиб ўтиш керакки, ТЎҲАМБА - ҲЕЧ НАРСАГА ҚАТЪИЙ ЭЪТИҚОДИ БЎЛМАГАН, НАЗАРИ ПАСТ, ЗИҚНА, ЖАМИЯТ ВА МИЛЛАТ ОЛДИДА МАЪСУЛИЯТ СЕЗМАЙДИГАН, ДУНЁ ҚАРАШИ ЎТА ЧЕКЛАНГАН НАРСАДИР. Эътибор беринг, одам эмас, нарсадир.

Демак, асосий мақсадимиз кўпчилиги миллат сифатини ҳам йўқотиб бўлган, яъни тўҳамбаларга айланган ўзбекларни қайтадан ОДАМ қилиш, Ислом динини “гўёки ҳақиқий мусулмонлар”дан тозалашдир. Ҳозир бу ишлар билан “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг матбуот органи бўлган “Ҳаракат” Агентлиги шуғулланмоқда.

Ҳамма ҳақиқий инсонларни, ҳақиқий мусулмонларни “Бирлик”ва “Ҳаракат” сафларига чақирамиз.