Кўклар мендан қуйи бўлар,
Боболаримни куйласам.
Барча менга ёғий бўлар,
Боболаримни куйласам.
Чақмоқ урҳо - урҳолари
Ҳуркизади садолари
Ҳамон орсиз дунёлари,
Боболаримни куйласам.
Ўтмишни тингла - Тангри дер,
Борлиқни англа - Тангри дер,
Ўзингни ўнгла - Тангри дер,
Боболаримни куйласам.
Элчи чиқса - биздан чиқди -
Қайси чиқса - биздан чиқди,
Тангри чиқса - биздан чиқди,
Боболаримни куйласам.
Нимагадир чўқинишар,
Нимагадир талпинишар,
Кўклар менга юкинишар,
Боболаримни куйласам.
Танинг - еримнинг тупроғи,
Сувинг - еримнинг булоғи,
Жонинг - Биримнинг ардоғи,
Боболаримни куйласам.
Тупроғимни олсам, маълум,
Қолдирмай гил, қолдирмай қум.
Биздан бошқа қолади ким?!
Боболаримни куйласам.
Тангридан бошқадан зўрман -
Жой берди сўзидан - тўрдан,
Боболарим билан Бирман,
Боболаримни куйласам.
2023 йил, 2 апрель.
* * * * *
Кексайган таннозга бўлди қўнғироқ:
- Учрашсак, танишсак, кўркинггиз қандоқ?
- Ўн саккиз ёшимда бўлганман асал,
Ўн тўққиз ёшимда бўлганман гўзал.
Йигирма ёшимда эдим тенгсиз бол,
Йигирма биримда энг соҳибжамол…
- Бас!- деди харидор - бас, енгилоёқ,
Бугун қандоқдирсан, чиройинг қандоқ?…
Инсоният шундоқ - қилиғи шундоқ -
Бурунги шон билан гердаяр узоқ.
Қумусқа изидай ўткинчи изни
Бир умр кўтариб, дейди оқ юзим.
Ўткинчи изини этаверар пеш,
Фақат ўчмас излар мангу бўлар эш!
Тақдирингдай тақдир бит менга - токим
Чинакам донг бер ҳар дамимга, Тангрим!!!
Ўзимни ўзимга Ўзинг этма зор -
Бугунги шонимга эртамни зинҳор!!!
2023 йил, 31 март.
* * * * *
Манфаат сўзи:
Барча бир - бирини қирмоқда - марра -
Инсоният битсин, ютаман, нега?!
Очуннинг ягона эгаси - ўзим,
Бўлади чинакам эгаси эга…
2023 йил, 31 март.
* * * * *
Ит ўлса, ўлигин кўмадиган бор,
Менинг жанозамга ҳеч ким келмади.
Келмади ҳаттоки бирон дўсту - ёр,
Менинг жанозамга ҳеч ким келмади.
Тиригин хор бўлса, этмайди алам,
Ўлигинг хор бўлса, барча алам жам,
Келмади қотилим - учмоқлик санам,
Менинг жанозамга ҳеч ким келмади.
Чирқиради ёнган жоним - арвоҳим,
Кўпга паноҳ бўлдим, йўқдир паноҳим,
Барчага жон тикдим, шудир гуноҳим,
Менинг жанозамга ҳеч ким келмади
Қайси ўлик борган гўрига ёлғиз?!
Одамзот вафони эплолмас - ожиз,
Наҳотки эплолмас Тангрим ҳам - эсиз?!
Менинг жанозамга ҳеч ким келмади.
Йўқ, йўқ уқтирдики Улуғ БируБор,
Юртингдан бошқага жон тикма зинҳор!
Тупроғимдан ўзга сотқинликка ёр,
Менинг жанозамга ҳеч ким келмади.
2023 йил, 29 март.