28 March 2023
15:02 - Юсуф Жума: ОҚ УЙ КЕЛ БОШ УСТИГА ДЕР, КРЕМЛЬ ТЎРГА ЎТ ДЕЙДИ…


Юртни сотсанг, элни сотсанг,
Юртим деганларни отсанг,
Оқ уй кел бош устига дер,
Кремль тўрга ўт дейди.
Орқа этагидан тутсанг,
Изидан эргашиб кетсанг,
Оқ уй кел бош устига дер,
Кремль тўрга ўт дейди.

Пастдан паст бўлса ҳам зотинг,
Ор - номусдан баланд центинг,
Бўлмаса ҳам эсинг - бутинг-
Бўлиши шарт эмас бетинг,
Бош устида ўлтиришга
Бўлса бас бош - оёқ - кетинг,
Оқ уй кел бош устига дер,
Кремль тўрга ўт дейди.

Бирининг бўёғи қизил,
Бирининг бўёғи оқдир.
Сиэм эгизакларидир -
Бир - биридан фарқи йўқдир.
Манфаатга чексиз яқин,
Тангридан чексиз узоқдир.
Оқ уй кел бош устига дер,
Кремль тўрга ўт дейди.

Тангрим, қолдирмагин бундоқ,
Қурайин ғурурдан учмоқ.
Номуссизга эшик очган
Гала ор - номусдан йироқ.
Очмоқдалар дарвозани,
Очмоқдалар ҳатто қучоқ.
Оқ уй кел бош устига дер,
Кремль тўрга ўт дейди.

2023 йил, 27 март.

* * * * *

Писанд этгим келар, лекин бу элда
Писанд этишга лойиқ бир киши йўқ.
Бошда тутгим келар, лекин бу элда
Бошда тутишга лойиқ бир киши йўқ.

Бошга қўйганларим ардоқлаб бурун
Ёт чиқса - қут дердим, чиқдилар сотқин.
Достон битгим келар, лекин бу элда
Достон битишга лойиқ бир киши йўқ.

Қиронга муносиб, юртни этди хор,
Лек ерим шуларга бўлсинми мозор?!!!
Қирғин этгим келар, лекин бу элда
Гўрда ётишга лойиқ бир киши йўқ.

2023 йил, 27 март.