04 March 2023
20:29 - Юсуф Жума: МЕН УЧУН ЁТ ЮРТЛАР ЙЎҚДИР, МЕН УЧУН ЁТ ЭЛЛАР БОРДИР…
Таним - нотозадир - чексиз нотозам,
Чексиз тоза қисмим - топ - тоза соям.

Камтардир - кўтармас қора ердан бош,
Ер билан биттаю кирланмас, йўлдош…

Балчиқда бўлса ҳам булғанмас - тоза,
Фақат соя оқдир, атаманг қора.

Йўқолмас тунда ҳам ёғдусиз кеча
Мен билан биргадир оппоқ кўланкам.

Ҳатто ер остида - тубсиз зиндонда
Мазлумларга тушди ўпқин - ўпқонда.

Не - не эзгинларни этди ҳимоя -
Тикилган жонимдан тушган оқ соя!

Чексиз жирканч нарса - вужудим - жисмим,
Донгли Тангри қисмим - кўланка қисмим.

Барчанинг битиги қорадир, лекин
Сун -пок - оқ битигим - кўланкам, нечун

Тангримдан энади - Тангрим, шу боис
Ҳар бир ҳикматидан подшолар ожиз.

БируБор кучин кўр - билмас ниҳоя:
Энг иркит нарсадан - энг тоза соя.

Эр сояси мангу жўшиб туради,
Очун элларига тушиб туради.

2023 йил, 4 март.

* * * * *

Тангрининг ёрлиғи.

Қоракўлдан Тангригача -
Қорачуқ - она диёрдир.
Мен учун ёт юртлар йўқдир,
Мен учун ёт эллар бордир.

Менга кўкдан келадилар,
Очун ўнгланмас деб энди.
Ёвқарашда қарашади
Барча ёт, барча келгинди.

Менга осмондан келишар
Тўпиғим остидан пастлар.
Йўқ, йўқ, улуғлаб юбордим,
Чориғим остидан пастлар.

Менга ёт эллар - ёвузлар,
Менга ёт эллар - даюслар.
Элимдир Тангримдагилар -
Азизимдаги азизлар!!!

Хазина тўплашар, лекин
Ор - номус тўплай олмаслар.
Ор - номусли эплайдиган
Очунни эплай олмаслар.

Тангрим менга хатлаб берган,
Қани битик дема, даюс,
Ўзимдан то Ўзигача
Ўша ёрлиқ - Тангрим - Номус!!!

Оридан кечмаганлардан
Оламни оламан деди.
Барча кечди, мен ол дедим,
У мени синаган эди.

Қисқа чоғга олди - шарти,
Сўзининг ардоғи учун.
Қайтаради - куни келди,
Мангу ўзимники очун.

Сотқину ёғийнинг, улуғ
Ўчимда ўринлари бор.
Тикланар қутлуқ ҚОРАЧУҚ,
Менда ёрлиғи - Тангрим - ОР!!!

Тушунтириш: Қорачуқ - Улуғ бобомиз Ўғизхоннинг
ер юзини қамраган юртининг оти - Ўзига ва юртига
Улуғ Тангрининг олқишлари ёғилсин,
Қорачуқ қайта тиклансин - омин!!!

2023 йил, 3 март.